Муқаддас Рамазон ойи бошланишига саноқли кунлар қолди. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда бу ой 2 апрелдан бошланади ва 1 майга қадар давом этади. 27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси - Қадр кечаси, бошқача айтганда, Лайлатулқадр туни. Бу ҳақда брифингда республика Мусулмонлари диний бошқармаси вакиллари маълум қилди. Улар айтганидек, мусулмонлар учун муқаддас саналган ой бошланиши қўшни давлатларнинг дин вакиллари кенгаши ҳамда шариат қоидалари, илмий ўрганишлар натижаларига кўра танланган.
Науризбай қажи Тағанули, Қозоғистон Мусулмонлари Диний Бошқармаси раиси, муфтий:
- Илгари турли сабаблар ва илмий характерига кўра, диний байрамларни ўтказиш муддатлари Марказий Осиё давлатларида ўзаро фарқ қиларди. Бир неча маротаба шундай бўлганки, қўшни давлатларда яшовчи мусулмонлар рўзани турли кунларда бошлаб, Ҳайитни ҳам ҳар хил саналарда байрам қилган. Бу эса тушунмовчилик келтириб чиқарарди. Ўзбекистон ва Қирғизистонга қилган амалий сафарларимизда бу масалани ҳар тарафлама муҳокама қилдик ва умумий ечим топишга қарор қилдик. Келишув асосида икки томонлама меморандум имзоланди.
Бундан ташқари, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси масъуллари фуқароларни хайр-эҳсон тадбирларини кўпроқ ўтказишга, бизнес вакилларини эса маҳсулотлар нархини бирдек ушлашга чақирди. Спикерлар фитр садақаси баҳосини ҳам маълум қилди, жорий йилда у 500 тенгедан иборат. Айтиш жоиз, Рамазон ойида кундуз куни рўза тутиш, еб-ичмаслик – ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчидир.
Абдумалик Сарманов таржимаси