Жамбил вилоятида юз берган портлаш натижасида беш одам ҳалок бўлди. Сабаблар аниқланяпти. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев махсус брифингда маълум қилди. Бедарак йўқолганлар ҳам бор. Ўнлаб фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат этган. 60 одам енгил яраланган, улар уйларига юборилди. Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, минтақа шифохоналарига 28 нафар ҳарбий хизматчи ётқизилган. Улардан олти нафарининг аҳволи оғир. Аввалроқ Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев аҳолини осойишталикни сақлаш ва эҳтиёт бўлишга чақирганди.
«Ёнғин оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этяпти. Қутқарувчилар, ҳарбий хизматчилар, врачлар ва жалб этилган бошқа шахслар фаол ишлаяпти. Афсуски, жабрланганлар сони ортмоқда. Лекин вазият назоратга олинди. Тароз шаҳри ва қишлоқлар аҳлини осойишталикни сақлаш ва эҳтиёт бўлишга чақираман», деб ёзди давлат раҳбари ўз Twitter саҳифасида. Портлаш юз берган жойга 100 ҳарбий хизматчи ва 25 ҳарбий техника жалб этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси