2025 йилга бориб, Қозоғистонда инфляция даражаси 3-4 фоиз бўлиши керак. Ҳукумат кенгайтирилган йиғилишида мамлакат раҳбари шундай топшириқ берди. Қосим-Жўмарт Тўқаев инфляцияни жиловлаш учун, аввало, қашшоқликка қарши курашиш, жамият фаровонлигини ошириш бўйича янги ташаббусларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Президент сўнгги 5 йилда аҳоли жами даромадида ойлик маош улуши 80 фоиздан 67 фоизга камайгани, ижтимоий трансфертлар эса 17 фоиздан 29 фоизга ошганини айтиб ўтди. «Бундан кўрамизки, фуқаролар даромади уларнинг маошига эмас, балки бюджет харажатларига боғлиқ. Иш ҳақи иш берувчилар фойдаси ва бозор нархлари кўтарилиши билан солиштирганда, анча секин ўсмоқда. Бунинг ҳисобига қарздорлар ва камбағаллар сони кўпайиб боради», деди давлат раҳбари.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бугунги кунда 1 миллионга яқин аҳолининг даромади яшаш минимумидан кам. Бу - сўнгги 10 йилдаги энг паст кўрсаткич. Шу билан бирга, ўртача иш ҳақи ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар доимий равишда ўсиб бораётгани айтиб келинган. Бу - кўзбўямачилик. Менинг топшириғимга кўра, халқ даромадини оширишга қаратилган дастур тайёрланмоқда. Бу ҳужжатда фуқаролар даромадини ошириш билан бирга қатор кераксиз чиқимларни камайтиришга доир чора-тадбирлар белгиланади.
Мамлакат раҳбари давлат учун ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида очиқ халқаро танловлар ўтказишни ҳам таклиф қилди. Президент бу меъёрий амалиёт бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу тариқа, Қосим-Жўмарт Тўқаев барчани «Янги Қозоғистон»ни барпо этишда фаол иштирок этишга чақирди. Бунинг учун эса, унинг айтишича, адолатли ва аниқ давлат сиёсати талаб этилади. Айниқса, хусусий мулк дахлсизлиги, инсон ҳуқуқи ва эрки олий қонунчилик билан кафолатланиши шарт, деди Президент.
Абдумалик Сарманов таржимаси