Бия сути асосидаги метабиотик экспорт қилишга тайёрланмоқда

Бия сути асосидаги метабиотик экспорт қилишга тайёрланмоқда

Қозоғистонда бия сути асосида яратилган метабиотик экспорт қилишга тайёрланмоқда. Назарбоев Университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган ноёб маҳсулотга Марказий Осиё ва Япония давлатларидаги дори-дармон компаниялари қизиқиш билдирган. Шифобахш препарат ишлаб чиқарувчи корхона Қарағанди вилоятида жойлашган. Дори воситаси бутун мамлакат дорихоналарига етказиб бериляпти. Олимлар 10 йилга яқин вақт давомида тадқиқот ўтказган. Бу ишни ниҳоясига етказиш ва маҳсулотни тижоратлаштириш Фан жамғармаси кўмагида амалга оширилди.

Самат  Қўжахметов, ну микробиом лабораториясининг етакчи илмий ходими, лойиҳа раҳбари:

- 2017 йилда 300 миллион тенге миқдорида грант олдик. Лойиҳа доирасида фақат мазкур препаратни тижоратлаштиришгина эмас, балки унинг биологик хавфсизлиги, самарадорлигини ўрганиш ҳам амалга оширилди. Ушбу препарат биологик фаол қўшимча ҳисобланади, дори воситаси эмас, уни асосан турли дисбиотик бузилишларда антибиотиклар билан даволангандан кейин ичиш тавсия этилади, уч ёшгача бўлган болаларга ҳам мумкин.

Инсон организмининг саломатлиги ичак микрофлорасининг ҳолати ва  метаболизмга боғлиқ бўлади, дея таъкидлайди лаборатория ходимлари. Улар ишлаб чиққан метабиотик кенг спектрда таъсир ўтказади. У модда алмашинувини меъёрига келтиради, турли бузилишларда самарали таъсир кўрсатади, кексайиш жараёнини секинлаштиради, шу билан бирга, аёлларнинг репродуктив соғлиғига ижобий таъсир қилади.  

Динара Жакупова, метабиотик ишлаб чиқарувчи компаниянинг тижорий шериги:

- Бу Қозоғистон маҳсулоти, олимларимиз томонидан айнан қозоғистонликлар микробиотини тадқиқ қилиш асосида ишлаб чиқилган, қолаверса, у қуритилган бия сутига асосланган. Бия сутида дармондори ва микроэлементларнинг ўзига хос таркиби мавжуд, энг муҳими шуки, бу бизнинг генетикамиз учун таниш, айни шу таркиб ичакларда осон ва енгил сўрилади, метобиотик қўлланишида терапевтик даволаш таъсирини юзага келтиради.

Айжан Рақимбай, интегратив акушер-гинеколог:

- Фарзандли бўла олмаётган аёллар мурожаат қилмоқда, бепуштликнинг сабабларидан бири – метаболизм бузилгани. Уларга ҳомиладорликка тайёрланишни маслаҳат бераман, яъни метаболизмни тартибга солишни, овқатланиш ва уйқуни, спорт билан шуғулланишни ҳам. Ва шунда соғлом фарзандни дунёга келтириш мумкин. Бу бизнинг келгуси авлод, бунга эътибор қаратиш лозим.

Назарбоев Университетининг микробиом лабораториясида метагеном устида кенг тадқиқотлар ўтказиляпти. Олимлар бу йўналишда бир нечта лойиҳани олиб бормоқда. Масалан, одам ҳақида у туғилганидан тортиб, кексайган даврига қадар зарур маълумотларни тўплаган ҳолда, инсон микрофлораси намуналарининг биобанкини яратиш. Илмий ходимлар илк тадқиқотлар натижаларини халқаро журналларда эълон қилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси