Жаҳоннинг йирик тиббиёт компаниялари Қозоғистонда иш бошлайди

Қозоғистонда УТТ аппаратлари ва компьютер томографлари ишлаб чиқарилади. Тиббий техника ва соғлиқни сақлаш соҳаси учун рақамли ечимлар ишлаб чиқарувчиси мамлакатда ўз заводини очмоқчи. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг АҚШга қилган ташрифи давомида тегишли келишув имзоланди. Томонлар қабул қилган ҳужжатга бошқа бир қанча устувор соҳалар ҳам киритилган. Узоқ муддатли ҳамкорлик доирасида қатор қўшма инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқариш кўзда тутилган.

Елена Легезина, Тиббий ускуналар ишлаб чиқариш компанияси президенти ва Россия ҳамда МДҲ давлатлари бўйича ижрочи директори:
- Бу келишув 4 қисмдан иборат. Биринчи: Қозоғистон республикаси ҳудудида локал ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, иккинчи – сервис хизматини кенгайтириш, учинчи – таълим дастурлари. Тўртинчи масала: тиббиёт инфратузилмаларида рақамлаштиришни кенгайтириш.

Жаҳоннинг энг йирик фармацевтика корпорацияларидан бири Қозоғистонда ўз маҳсулотини чиқариш ниятида. «Пфайзер» компанияси республика ҳудудида дори-дармонлар чиқарувчи завод қуришга тайёр. Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният таъкидлашича, янги корхонада вакцина ишлаб чиқаришга асосий эътибор қаратилади.

Ажар Ғиният, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:
- Лойиҳа Қозоғистонда пневмокок инфекцияга қарши вакцина ишлаб чиқарувчи фармацевтика заводи қуриш ниятида. У ўпка касалликларининг олдини олиш учун қўл келади. Ёш болалар пневмонияга чалинмаслиги учун, кексалар, айниқса, ўпкасида ноқислик бор одамлар дарди оғирлашмаслиги учун эмланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.