Ўзбекистонда «Жас Алаш» газетасининг асл нусхаси топилди. 1921 йил 9 майда чоп этилган нашрнинг тўртинчи сони Алишер Навоий номли Миллий кутубхонада сақланиб келинмоқда. Унинг фақат биринчи саҳифаси қолган. Мутахассислар бу топилмани «ноёб ва қимматли» деб баҳолади.
Маҳфуза Абдураимова, Алишер Навоий номли ўзбекистон миллий кутубхонаси етакчи мутахассиси:
– “Жас алаш” газетаси бизда яхши сақланиб келинмоқда. Бундан ташқари, бу газетамиз жуда яхши тартибда сақланади. Бунда алоҳида фондда туради, ҳарорати, сақланиш намлигига амал қилинади.
Даврий нашрда араб графикаси билан бирга кирилл ёзувидан фойдаланилган. Қозоғистон олимлари бунга изоҳ берди.
Самал Тулеубаева, шарқшунос:
– Бу даврда кирилл ёзуви ҳали тасдиқланмаган эди, лекин баъзи сўзларда ишлатилган. Топилган газета нусхасида баъзи русча сўзлар нотўғри ёзилганини кўрдик. Масалан, бу ерда «Понидельник» дейилган. Араб имлосига келсак, Ахмет Байтурсинов ўтказган ислоҳотлардан кейин қўллана бошланган графикадан анча фарқ қилади. Масалан, бу ерда «ш» ўрнига «ж» ҳарфи ёзилган. Шунга ўхшаш ҳолатлар бор.
Газета ҳар 15 кунда бир марта, 4 саҳифадан чоп этилган. Иккита рукн бўлган: хориждан хабарлар ва давлат хабарлари. Ушбу сондаги энг долзарб мавзулардан бири қалин пули тўлашни ва кўпхотинлиликни тақиқлаш бўлган. Нашрда Ғали Жан муаллифлигида ёзилган ёшларга бағишланган мақола чоп этилган.
Ушқин Сайдирахманули, А. Бўкейхан номли «алаш» илмий тадқиқот институти директори:
- Қозоқ-қирғиз талабаларга мақолада нима дейишни исташган? Озодлик, тенг ҳуқуқлилик, ёрқин келажак ҳақида ёзилган. Ёшлар руҳини кўтаришга интилган, ўқишни тугатгач, овулларига қайтиб, аҳолига маърифат тарқатишга чақирган. Мақола мазмуни – адолатсизликка бош эгмасликдан иборат.
Нашр Ўзбекистон Миллий кутубхонасида эъзозлаб сақланаётганига қарамай анча путурдан кетган. Мутахассислар фикрича, уни рақамли кўринишга келтириш зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси