Ўзбекистон пойтахтида Халқаро табиатни муҳофаза қилиш уюшмаси минтақавий офиси иш бошлади. Унинг вазифаси – Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам бериш. Бундан ташқари, янги офис миллий ва минтақавий ташаббусларни глобал экологик стандартларга боғловчи эксперт майдончаси вазифасини бажаради. Таъкидлаш лозимки, IUCN экологик бошқарув, трансчегара сув ҳамкорлиги ва табиий яшаш жойларини тиклашга қаратилган лойиҳаларни рўёбга чиқаради.
Гретель Агилар, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш уюшмаси бош директори:
- Биз Ўзбекистон халқи, олимлари, университет битирувчилари, минтақа аҳолиси билан бирга ишлаш ниятидамиз. Чунки табиатни муҳофаза қилиш – абстракт вазифа эмас, бу инсоният яшаб қолиши билан боғлиқ муаммо. Биз Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришларига мослашишига ёрдам берамиз. Йўқолиб бораётган жониворларни муҳофаза қилиш юзасидан ҳам ишлаймиз. Ташкилотимиз дунёдаги йўқолиш хавфи остида турган ҳайвонлар рўйхатини тузиш билан шуғулланади. Ўзбекистон маълумотларини ҳам ҳисобга олган ҳолда биз минтақадаги биотурли-туманликни янада самарали муҳофаза қила оламиз.
Ўзбекистон
экология кун тартибини фаол илгари сураяпти.
2025 йил мамлакатда «Атроф-муҳитни ва яшил иқтисодни муҳофаза қилиш йили» деб
эълон қилинган. Таъкидлаш лозимки, халқаро ташкилот офиси республикадаги биринчи экологик олий ўқув юрти базасида ташкил
қилинди. Мазкур стратегик ечим ёшлар, олимлар, тадқиқотчи ва экспертлар билан
ишлашга қаратилган
Дмитрий Горшков, Халқаро табиатни
муҳофаза қилиш уюшмаси Тошкент офиси раҳбари:
- Ушбу яшил университет офиснинг жойлашиш
ўрни жиҳатидан ҳам, талабалар, мутахассислар билан мулоқот қилиш имкониятлари юзасидан ҳам ажойиб жой. У Марказий Осиё, Ўзбекистоннинг беқиёс табиатини
сақлаб қолиш, аҳолиси фаровонлигини ошириш бўйича тадбирлар ўтказиш учун қулай
жой.
Шахло Турдикулова, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти:
- Офис очилиши ҳамкорлик уфқларини кенгайтиради. Ўзбекистондаги ноёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакилларини халқаро стандартлар асосида тавсифлаш имконини беради. Жорий йилда Ўзбекистон Қизил китобининг 6-нашри чоп этилади. Марказий Осиё давлатлари билан бундай турларни сақлаб қолиш ишларини мувофиқлаштира оламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

