Қўнаев шаҳрининг бош режаси қабул қилинди

Қўнаев шаҳрининг бош режаси қабул қилинди

Қозоғистон ҳукумати Қўнаев шаҳрининг бош режасини тасдиқлади. Шаҳарни ривожлантиришнинг янги стратегияси 2050 йилгача мўлжалланган. Шу вақт давомида ушбу манзил минтақанинг замонавий кўпфункцияли марказига айланиши керак. Бош режада шаҳар аҳоли пунктлари ва турар-жой мажмуаларининг истиқболли саналган чегаралари ҳам ҳисобга олинган. Умуман, Қўнаев инновациявий-саноат жиҳатдан чуқур тараққий топади. Шаҳар бутун Алмати агломерациясининг озиқ-овқат камари учун асос бўлиши, шунингдек,  нефтни қайта ишлаш,  газни қайта ишлаш ва нефть-кимё марказига айланиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, ҳужжатда шаҳарнинг вилоят асосий туристик дестинацияси сифатидаги улкан салоҳиятига ҳам урғу берилган.  Хуллас, чорак асрдан кўпроқ вақт давомида Қўнаев Алмати вилояти ҳудудидаги транспорт-логистика хабига айланади. Бош режада олдинга қўйилган мақсадларни рўёбга чиқариш учун аниқ қадамлар кўрсатиб ўтилган.

Динара Алимова, Қозоғистон Республикаси бош вазирининг матбуот котиби: 

- Вилоят марказида кенг кўламли уй-жой қурилиши бошланади. Жами бўлиб, 2,5 миллион квадрат метрдан зиёд янги хонадонлар фойдаланишга топширилиши режа қилинган. Мактабгача ва умумий таълим муассасалари сони икки марта кўпайиши кўзланмоқда. Шу билан бирга, кеча-кундуз ишлайдиган тиббий стационарлардаги ўринлар миқдори икки карра оширилади. Умуман олганда, шу давр мобайнида шаҳар вилоятнинг замонавий қиёфадаги молиявий, маданий, сайёҳлик, илмий-таълимий, логистика ва саноат-инновациявий марказига айланмоғи шарт.

Хуршида Абдуллаева таржимаси