Тошкентда бўлиб ўтган «INNOPROM. Central Asia – 2025» кўргазмасида қурилиш, энергетика, автомобилсозлик, фармацевтика, ахборот технологиялардаги инновациялар намойиш этилди. Ўзбекистон пойтахтида маҳаллий бизнес вакилларидан ташқари 50 тадан зиёд хорижий, шу жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Беларусь компаниялари миллий экспозицияларини ташкил қилишди. Тадбир қатнашчилари таъкидлашларича, мазкур майдонча янги алоқалар ўрнатиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, янги технологияларни илгарилатиш ва минтақа иқтисодида ўсиш нуқталари яратишда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, саноат кўргазмаси туфайли фойдали қазилмалар, агросаноат ва IT соҳаларида ҳамкорлик кенгаяди.
Ерсайин Нағаспаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири:
- Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Қозоғистон саноат ишлаб чиқаришида ўзаро алоқалар фаол ривожланяпти. Ўзбекистон томони билан бирга 78 та қўшма лойиҳа устида ишлаяпмиз, улардан 12 таси рўёбга чиқарилди. Умумий ишларимиз учун жами 3,3 миллиард доллар маблағ ажратилган. Давлат раҳбарлари: Қосим-Жўмарт Кемелевич ва Шавкат Миромоновичнинг ўзаро товар айланмасини 10 миллиард долларга етказиш тўғрисидаги топшириғи қисқа вақтда бажарилади, деб ўйлайман.
Санжар Насимов, «Texnopark» лойиҳалаш ва конструкциялаш бўлими раҳбари, Ўзбекистон:
– Иситиш, совутиш тизимлари, гольфкар, мебель, шунингдек, маиший техника ишлаб чиқариш имконлари тақдим этилди. Хорижлик ҳамкорларнинг маҳсулотларимизга катта эътибор берганидан жуда мамнунмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

