Юқори технологик стартаплар намойиш этилди

Юқори технологик стартаплар намойиш этилди

Веб-майдонча ва мобиль иловадан иборат бўлган Таълим жараёнларини бошқариш тизими араб инвесторларини қизиқтириб қўйди. Мухбиримиз Назарбоев Университети технопаркида бўлди, мамлакатимизда тайёрланган юқори технологик лойиҳалар билан танишди. Навбатдаги лавҳамиз шу ҳақида.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жуда муҳим. Ҳамма вақт автомобиль бошқарувини енгиллаштиришга ҳаракат қилинган. Шу пайтгача асосан автомобиль учун технология ва гаджетлар устида ишланган бўлса, кўкшетаулик ўқувчи яратган стартап ҳайдовчилар учун топилма, дейиш мумкин. У рулда ўтирган ҳайдовчининг ухлаб қолишига, ҳалокат юз беришига йўл қўймайди. Ишланма дунёда тенгсиз.

Асилхан Қали, Назарбоев заковат мактаби ўқувчиси, кўкшетау шаҳри:

- Бобом бир неча марта рулда ухлаб қолган. Бу муаммони қандай ҳал қилиш ҳақида кўп ўйладим, жамоа тўпладим ва видеорегистратор прототипини яратдик. У кучли овозли сигнал бериш орқали ухлаб қолишнинг олдини олади. Агар алгоритм одам бошини эгиб олгани, эснаётгани, тез-тез кўзини пирпиратаётганини сезса, уни ўзига келтирадиган овоз чиқаради. Шунингдек, видеорегистратор йўл ҳаракати қоидаларига қанчалик риоя этилаётганини ҳам кузатиб бора олади.  

Ёш стартап муаллифлари турли йўналишларда ишлайди, лекин кўпчилиги аҳоли фаровонлигини ошириш ҳақида ўйлайди. Кашфиётчилар ўз маҳсулотлари жамият учун қанчалик фойдали эканлигини кўрсатиб беришга қарор қилди. Баъзилари Қозоғистонни эгаллай бошлаган бўлса, Назарбоев университети инновациявий кластерининг бошқа битирувчилари янада кенг кўламли ишларни кўзлаган.  

Ердаулет Абсаттар, IT-компания раҳбари:

- Таълим жараёнини бошқаришга мўлжалланган майдонча турли корпоратив университетларга мўлжалланган. У ҳозир Қозоғистоннинг кўплаб ташкилотларида ишлатиляпти. Ташқи бозорни мақсад қилганмиз. Ишланмамиз яқин келажакда Дубай бозорига чиқиши кутиляпти. Ҳозирда контрактлар имзолаяпмиз.

Саяжан Ўнласин, лойиҳа муаллифи:

- Бу веб-майдонча ва мобиль илова тадбиркорларга бизнесини онлайнга олиб чиқиши учун замин яратади, товарларини битта тугмача ёрдамида киритиш, тўлақонли интернет-дўкон яратиш имконини беради. Биз Марказий Осиё бозори билан ишлашни ният қилганмиз. Қозоғистон билан чекланмаймиз, энг камида Қирғизистон ва Ўзбекистон бозорларини мўлжаллаганмиз.

Умуман олганда, «NURIS» акселерация ва инкубация бизнес-дастури орқали 180 та стартап-лойиҳа ўтди. Уларга молиявий ва маъмурий ёрдам кўрсатилди. Лойиҳаларга киритилган капиталнинг умумий ҳажми икки миллион долларни ташкил этди.

Абдумалик Сарманов таржимаси