Тўсиқлар ва қоғозбозлик бекор қилинади. Энди қозоғистонликлар видеоқўнғироқ орқали давлат хизматларини олиши мумкин. Мажилисда бўлиб ўтган Ҳукумат соатида Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин таъкидлашича, бугунги кунда сервис мамлакатнинг бир қанча минтақаларида синовдан ўтяпти.
Бағдат Мусин, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:
- Ҳукумат соатидан атиги бир ҳафта илгари тўрт минтақа – Ақмўла, Қўстанай, Павлодар ва Қизил Ўрда вилоятларида пилот лойиҳа сифатида бу сервис ишга туширилди. Яъни, бу вилоятларда одамлар марказга келиб ўтирмасдан, биометрия бўйича идентификациядан ўтиши ва видеоқўнғироқ орқали хизматлардан фойдаланиши мумкин. Фақат маслаҳат олмайди, аниқ давлат хизматини расмийлаштиради.
5 миллион нафардан зиёд қозоғистонлик «Рақамли ҳужжатлар» сервиси ёрдамида электрон форматда давлат хизматларини оляпти. Бугунги кунда сервис 18 турдаги рақамли ҳужжатларни бера олади. Умуман олганда, мамлакат бўйича давлат хизматларининг 90 фоизи электрон форматга ўтказилган
Бағдат Мусин, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:
- Сервис мобил илова орқали ҳужжатларни электрон форматда кўриб чиқиш ва ҳақиқийлигини текшириш имкониятини беради. Сервиснинг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши орқали ҳужжатларни рақамли текшириш учун йўл очилди. Шу кунларда рақамли ҳужжатларни аэропортлар, вокзаллар, нотариуслар, банклар, аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари, почтада кўрсатиш мумкин. Рақамли ҳужжатлардан фойдаланаётганлар умумий сони 5 миллиондан ошди.
Абдумалик Сарманов таржимаси