Қозоғистон ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш ва мамлакат ишлаб чиқариш секторининг рақобатбардошлигини оширишга эътибор қаратган. Жорий йилда ушбу йўналишда ишлар давом эттирилди. Тугаётган йилда деярли 1,3 триллион тенге қийматидаги 180 та инвестлойиҳа фойдаланишга топширилди. Уларнинг катта қисми ёки 164 та лойиҳа – ишлаб чиқариш саноатида. Махсус миллий платформадаги инвестлойиҳалар тўплами реестрида 35 триллион тенге қийматидаги 60 дан ортиқ лойиҳа саралаб олинган ва рўйхатдан ўтказилган.
Айгул Кошербаева, Қозоғистон Республикаси қошидаги ҚСТИ бош илмий ходими:
- Халқаро молия ташкилотлари прогнозларига кўра, мамлакатимиз иқтисодиётида Ялпи ички маҳсулот ўсиши 3-4 фоиз чегарасида. Аммо ҳукуматимиз маълумотларига қараганда, Ялпи ички маҳсулот ўсиши 11 ойда 4,4 фоизни ташкил қилган. ЯИМ кўрсаткичлари ўсишига қандай омиллар таъсир қилган? Асосан, биз айтамизки, бу, албатта, ишлаб чиқариш корхоналари ҳажми ошгани туфайли.
Мамлакат иқтисодиётида ўсиш нохомашё секторни илгари суришга асосланган. Бу, ўз навбатида, фақат импорт маҳсулотлар ўрнини маҳаллийлари билан тўлдиришгагина эмас, балки нефтдан бошқа секторлари равнақига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Экспорт ҳажмини 6 триллион тенгега ошириш, импортга қарамликни 1,5 триллионга қисқартириш режа қилинган. Қайта ишланган маҳсулотларни хорижга етказиб бериш 10 фоизга ўсган. Мамлакат ташқи савдо айланмаси 116 миллиард доллардан зиёдни кўрсатган, шунинг ярмидан кўпи – экспорт.
Арман Шаққалиев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири:
- 2024 йил сентябрида Жаҳон савдо ташкилоти штаб-квартирасида Қозоғистон савдо сиёсатининг биринчи шарҳи ўтказилганди. ЖСТга киришда мамлакатимиз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилиш натижалари маълум қилинди. Хорижлик экспертлар Қозоғистоннинг иқтисодиётни диверсификациялаш, савдо жараёнларини соддалаштириш ва шаффофликни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. Умуман, халқаро ҳамжамият юртимизни ишончли ва умидли, дея эътироф этди.
Айни пайтда, Қозоғистон ўзининг транзит-транспорт имкониятларини тўла-тўкис очишни кўзлаган, бунда унинг афзал географик жойлашуви ҳисобга олинади. Мамлакатимиз Европа ва Осиёни боғлайдиган муҳим кўприк саналади. Унинг ҳудудини 13 та халқаро транспорт йўлаги кесиб ўтади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

