Франциянинг Alstom компанияси Қозоғистонда бир қанча электровозларга техник хизмат кўрсатиш марказлари қурилишини бошлади. Улардан биринчиси Жамбил вилоятида 2025 йилда ишга туширилади. Қозоғистон Бош вазири компания етакчисини қабул қилди. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз темирйўл саноатининг етакчи инвестори сўнгги 10 йил ичида қурилиш, технологиялар трансферти ва қозоғистонлик мутахассисларни тайёрлашга 120 миллион евро сарфлади. Темирйўл соҳасига «яшил» технологиялар жорий этиш масаласини эса Бош вазир Wabtec етакчиси билан муҳокама қилди. Америка компанияси Қозоғистонда локомотив ишлаб чиқаришни локаллаштириш устида ишлаяпти. Инвестор муқобил ёнилғи қўлланиладиган маҳсулотларни ривожлантириш учун 10 йил давомида 200 миллион доллар сармоя киритиш ниятида.
Рафаэль Сантана, «Wabtec» корпорацияси президенти ва бош ижрочи директори:
– Қозоғистонда кўплаб лойиҳаларни рўёбга чиқардик. Юк ва йўловчи ташувчи локомотивлар ишлаб чиқаришдан ташқари, жорий йилда Астанада муҳандислик мактаби қурдик, темирйўл фаолиятини осонлаштирадиган Kinetix рақамли ускунасини ишлаб чиқдик ва Қозоғистонга бепул топширдик. Келажакда фақат Қозоғистон эмас, Марказий Осиё ва Африка давлатлари учун ҳам локомотивлар чиқариш ниятидамиз.
Қозоғистонда ультратовуш ташхиси ва компьютер томографияси аппаратлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ўлжас Бектенов ва GE HealthCare минтақавий президенти лойиҳаларни рўёбга чиқариш масаласини муҳокама қилишди. Томонлар Клиник тасвирлар миллий архивини ташкил этиш ниятида. Бош вазир Хитойнинг Fufeng (Фуфен) Group компанияси раҳбари билан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш масаласини кўриб чиқди. Қозоғистонда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар – крахмал ва аминокислоталар чиқариш учун маккажўхори ва буғдойни қайта ишлаш парки ташкил қилинади. Лойиҳанинг инвестициявий қиймати 300-350 миллион долларни ташкил қилади.
Ли Сюэчунь, Fufeng Group бошқаруви раиси:
– Ҳар иккала лойиҳа бир қанча босқичда рўёбга чиқарилади. Олдинига 1 миллион тонна маккажўхори ва 700 минг тонна углерод химияси маҳсулоти чиқарилади. Кейин ҳар икки йўналишда ишалб чиқаришни кенгайтирамиз. Маккажўхори етиштириш ишида ўзимиз ҳам қатнашамиз. Фермерлар билан шартнома тузамиз, ўғит ва технологиялар билан таъминлаймиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.