Қозоғистон пойтахтида йил сўнгига қадар 8 та корхона очилиши
режа қилинган. Астана ҳокимлигида маълум қилинганидек, уларнинг аксарияти
қурилиш соҳаси учун маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Хуллас, фиброцемент
плиталар ва газобетон блоклар ишлаб чиқарувчи завод фойдаланишга топширилади. Бетон
тайёрлайдиган корхона ишга туширилади. Мазкур лойиҳа доирасида инерт
материалларни сақлашга мўлжалланган ёпиқ ангарлар ҳам барпо этилади. Бундан
ташқари, ички ва ташқи деворбоп панеллар ишлаб чиқарувчи корхона очилиши
кутилмоқда. Темир-бетон маҳсулотлари тайёрланадиган завод иш бошлаши
мўлжалланган. Лифт қурилишига оид корхона ҳам ишга туширилади. Шу билан бирга,
йил охиригача дераза ва балкон ойналари тайёрлайдиган лойиҳа амалга оширилади. Айтиш
керак, саноатга йўлланадиган инвестицияларнинг умумий ҳажми 12 миллиард тенгени
ташкил этади.