Йил бошидан буён
тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун қозоғистонликларга беш мингдан зиёд давлат
грантлари ва 4 минг 700 имтиёзли микрокредит берилди. Ҳукумат йиғилишида Меҳнат
ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Светлана Жақупова таъкидлашича, 9 ой
ичида республикада 734 минг фуқаро ишга жойлаштирилган. Уларнинг ярмини 35
ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ҳукумат раҳбари Алихан Смаилов Президент
Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг йил охиригача бир миллион нафар фуқарони иш билан
таъминлаш тўғрисидаги топшириғини эслатди.
Алихан Смаилов, Қозоғистон
Республикаси Бош вазири:
- Қолган 2,5 ой
ичида барча режалаштирилган кўрсаткичларга эришилиши шарт. Ҳар бир минтақада ўз
ишга жойлаштириш режалари бор. Уларда меҳнат бозорининг ўзига хосликлари
ҳисобга олинган, тегишлича, давлат ёрдами кўзда тутилган. Ҳокимликлар ёшларни
меҳнатга жалб этиш билан фаол шуғуллансин.
Энергетика, нефть-газ
саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, транспорт ва логистика, шунингдек,
IT соҳаси. Ҳукуматда таъкидлашларича, айнан шу соҳалар бугунги кунда
мутахассисларга муҳтож. Бош вазир давлат грантлари рўйхатини шакллантиришда
буни ҳисобга олишни топширди. Алихан
Смаилов таъкидлашича, аҳолини ишга жойлаштириш фақат давлат ёрдами доирасида
эмас, давлат-хусусий бизнес ҳамкорлиги ва хусусий инвесторлар лойиҳаларида ҳам
ҳисобга олиниши зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси.