Ов ва йилқичилик кўргазмаси кўпчиликка маъқул келди

Ов ва йилқичилик кўргазмаси кўпчиликка маъқул келди

Абу-Даби шаҳрида ўтказилаётган 20-халқаро Ов ва йилқичилик кўргазмаси кўплаб кўчманчилар мероси шинавандаларини ўзига жалб қилди. Меҳмонларни қадимий номадлар маданиятининг анъаналари, уларнинг бугунги дунёдаги ўзига хослиги қизиқтирмоқда. Тадбирда қатнашаётган 65 давлатдан келган компаниялар от спорти, лочин овига доир сўнгги технология ва инновацияларни, фаол ҳордиқ чиқариш ҳамда саёҳатларга мўлжалланган маҳсулотларини тақдим қилади. Томошабинларга араб арғумоқлари, тозилари ва лочинларини томоша қилиш, сотиб олиш имконияти тақдим этилди. Кўргазма давомида аукционлар, овчилик ва спорт беллашувлари ташкил қилинмоқда. Шунингдек, Марказий Осиёдан келтирилган маҳсулотлар ҳам бор. Айниқса, Қозоғистон маҳсулоти – қуруқ кукун кўринишидаги саумал кўпчилик эътиборини ўзига тортди. Ташкилотчи ва иштирокчилар таъкидлашича, кўргазма янги дўстлик алоқаларини ўрнатиш, экспорт географиясини кенгайтириш, анъанавий маданий қадриятларни оммалаштиришга хизмат қилади.

 

Вероника Блонтрок, IAF Жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси:


- Бу кўргазма биз учун муҳим. Унда лочин овига бўлган иштиёқни намойиш қила оламиз. Анъаналаримизни кўрсатиш, уларни сақлаб қолиш ва ёш авлодга етказиш зарурати таъкидланади. Биз қанотли дўстларни муҳофаза қилиш, яшаш ҳудудини сақлаш бўйича таълим берамиз.

 

Эссам Элмасри, Фужейра нафис санъат академияси ҳайкалтароши:


- Биз дўстларимизга ўз маданиятимизни қанчалик қадрлашимизни кўрсатамиз. Ва бу меросни болаларимизга қолдириш ниятидамиз. Сизнинг мамлакатингизга келсак, мен Қозоғистонни яхши кўраман. Анъаналаримиз бир хил. Турмушимиз отлар, ов билан боғлиқ. Бизни чавандозлик маданияти ҳам ўзаро боғлайди. Келажакда қозоқ халқи тимсоли бўлувчи ҳайкалларни яратиш ниятидаман.  Шунингдек, келгуси йилда кўргазмага янада кўпроқ Қозоғистон компаниялари келади, деган умиддамиз. Улар бизга ва бутун дунёга маданиятингиз ҳақида ҳикоя қилиб беради, деб ўйлайман.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.