Астанада бўлиб
ўтган «Ватандошлар» форумига жаҳоннинг
40 та давлатида яшовчи 200 дан зиёд
этник қозоқ тўпланди. Улар қаторида бирлашма раҳбарлари, фаоллар, жамоат
арбоблари бор. Айни вақтда тадбирда олимлар, педагоглар, маданият, бизнес
вакиллари, медиа ва сиёсат арбоблари қатнашди. Форум доирасида қондошларнинг мамлакат
тараққиётида тутган ўрни, миллий қадриятларни илгарилатиш драйверлари, оммавий
ахборот воситаларидаги сўнгги трендлар, қозоқ тили, унинг 21-асрдаги ўрни,
салоҳияти ва имкониятларига бағишланган сессиялар ташкил қилинди.
Абзал Сапарбекули,
«Ватандошлар жамғармаси» нотижорат ташкилоти президенти:
- Ушбу сессиялардан
мақсад – хориждаги ватандошларни ташвишлантирувчи турли муаммоларни муҳокама
қилишгина эмас, уларнинг ўзимизда мавжуд бўлган ечимларини кўрсатиб бериш, тажриба
алмашишдан иборат. Тадбир доирасида биз мамлакатдаги тузилмалар ва бу соҳада
хорижда ишлаётган этник қозоқлар ўртасида контактлар ва ҳамкорлик ўрнатамиз.
Түркияга турли
сабаблар туфайли бориб қолган ҳар бир қозоққа ёрдам бериш муқаддас вазифамиз,
дейди Анар Байжанова. Түркиядаги
қозоқлар ҳамжамияти президенти тарихий ватандан узоқда юрган бўлса ҳам юраги
«қозоқман», деб уришини таъкидлади. У айни вақтда тарихий ватанининг нуфузини
ошириш учун имкони борича ҳаракат қилишини билдирди. Айниқса, зилзила вақтида
қозоқларнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилгани, кўнгиллилар сафида
ишлагани бирлигимизни кўрсатди, деди у.
Анар Байжанова,
Туркиядаги Қозоқлар ҳамжамияти президенти:
- Бугун бутун
дунёдаги қозоқларнинг бошини бириктиришга йўналтирилган турли фикрлар тилга
олинди. Шу билан бирга, урф-одатларимиз, тилимизни сақлаб қолиш бўйича
таклифларни тингладик. Масофалар бизларни ажрата олмайди. Ватанга бўлган
муҳаббатимиз қалбимизда яшайди. Биз Қозоғистоннинг ривожланиши учун ишлашга, ҳар
вақтда ёрдам беришга тайёрмиз.
Қозоғистон
Президенти дунёдаги барча қондошларимизни бирлаштириш муқаддас вазифамиз
эканлигини билдирди. Ватандошларнинг ота юртига қайтиши, ишлаши учун барча
имкониятлар яратилишини таъкидлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.