Ҳукуматда рақамлаштириш жараёни муҳокама қилинди

Ҳукуматда рақамлаштириш жараёни муҳокама қилинди

Қозоғистонда автомобиль эгалари учун янги сервис ишга туширилади. У йўллардаги ҳайдовчиларнинг бир-бирига ёрдам бериши, хавфсизликни таъминлаши, тўхташ жойларидаги тиқинларни бартараф этиши учун хизмат қилади. Машиналар нотўғри жойда туриб қолса, деразалари очиқлигича қолдирилса ҳайдовчиларга хабарнома келади. Ҳукумат йиғилишида вазир Жаслан Мадиев таъкидлашича, мамлакатдаги давлат хизматларининг 92 фоизи онлайн шаклда амалга оширилади. Бундан ташқари, республикадаги рақамли сервислар бизнес эҳтиёжига мослаштириляпти. Шу жумладан, eGov Business орқали компанияни рўйхатдан ўтказиш, солиқ тақвимини кўриш, сертификат олиш ёки масофадан туриб кераксиз ҳужжатларни йўқ қилиш мумкин.

Жаслан Мадиев, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:

- Таваккалларни бошқариш тизими ишга қўшилган, у маълумотларни таҳлил қилади ва эҳтимолий текширувлар ҳақида тадбиркорларни огоҳлантиради. «Мажбурий талаблар рўйхати» модулида фаолият турлари бўйича меъёрий ҳужжатлар ва қоидалар келтирилган. Бу эса бизнеснинг ҳуқуқий саводхонлигини оширади, хато қилиш эҳтимолини камайтиради. Эҳтимолий мижозларни ахтариш, бозор аналитикаси, талабни мониторинг қилиш, корхонани ёпиш сервислари ишга тушиши кутилмоқда. Буларнинг ҳаммаси тадбиркорликни ривождантиришга хизмат қилади.


Лекин Бош вазир давлат хизматларини рақамлаштиришни жадаллаштириш топшириғини берди. Ўлжас Бектенов таъкидлашича, бу соҳа давлат ва аҳоли ўртасидаги алоқаларда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун Қозоғистон аҳлига рақамли ёрдам бераётган eGov Mobile инфратузилмаси ҳафтада 7 кун ва суткада 24 соат ишлаши зарур. Бош вазир маълумотларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор беришни топширди.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Давлат органларига йил охиригача барча ахборот тизимларини шахсий маълумотларга киришни назорат қилиш сервисига улашни топшираман. Рақамлаштириш вазири тегишли давлат органлари билан бирга шахсий маълумотлар билан ишловчи ходимларнинг масъулиятини ошириш бўйича мунтазам иш юритсин. Бу соҳадаги қонунбузарликлар учун жазони оғирлаштириш керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси