Ҳукуматда ер учун грант бериш масаласи кўриб чиқилди

Ҳукуматда ер учун грант бериш масаласи кўриб чиқилди

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги инвестиция қўмитаси томонидан сўнгги 18 йил давомида 2 триллион тенгедан ортиқ маблағ жалб қилинган. Бир ярим мингга яқин инвестиция шартномаси тузилган. Уларнинг 125 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли. Сармоядорлар ўз маблағларини омборхоналар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари қурилишига, йўловчи ташишга йўналтирган. 216 та шартномада натура шаклида ер учун грант ажратиш назарда тутилган. Натижада 37 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров ҳукумат раҳбари раислигида бўлиб ўтган инвестиция штаби йиғилишида маълум қилди. Унга кўра, давлат грантлари устувор фаолият турлари рўйхатига мувофиқ берилади. Бундан ташқари, товар ва хизматлар ишлаб чиқариш соҳасида аукцион ўтказиш талаб қилинмайди. Мазкур турдаги грантлар қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ер захираларини бошқариш қўмитаси билан келишилган ҳолда ҳокимликлар томонидан ажратилади. Бош вазир Алихан Смаилов масъул давлат органларига ер участкаларини грант шаклида бериш амалиётини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий ҳужжатларни янгилаш бўйича топшириқ берди.

Абдумалик Сарманов таржимаси