Ҳукумат 2022 йил якунларини маълум қилди

Ҳукумат 2022 йил якунларини маълум қилди

Мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашда қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги салмоқли ўрин тутди. Ҳукумат йиғилишида вазирлик раҳбарлари асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни баён этди. Жорий йилда ҳукумат қаршисида қандай вазифалар турибди? Тафсилотлар лавҳамизда.  

Қозоғистон иқтисодиёти жорий йилда 3,1 фоизга ўсгани маълум қилинди. Асосий капиталга инвестициялар 8 фоизга ортди, мамлакат ташқи савдо айланмаси учдан бир марта кўтарилди ва 11 ой ичида 122 миллиард долларни ташкил қилди. Импорт ҳажми атиги 45 миллиард доллар, экспорт эса 77 миллиард доллардан ошди. Ташқи бозорларга қайта ишланган маҳсулотлар чиқариш 34 фоизга кенгайди ва 24 миллиард долларни кўрсатди. 

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Қайта ишлаш саноати соҳаларига келсак, машинасозликда ўсиш 9,4 фоизга кўпайди. Шу жумладан, Қозоғистонда автомобиль ишлаб чиқариш 19,1 фоизга кенгайгани қайд этилди. Электр ускуналари ишлаб чиқариш 22,2 фоизга кенгайди. Бундан ташқари, ўсиш озиқ-овқат саноатида 3,9 фоиз, нефтни қайта ишлашда 1,9 фоиз, кимё саноатида 10,2 фоиз, ичимликларда 11,2 фоиз, пластмасса маҳсулотларида 2,1 фоиз, енгил саноатда 6 фоизга ортди.

Жорий йилда иқтисодиёт ўсиши 4 фоизга етиши кутиляпти. Соҳаларни ривожлантиришда мамлакат бозорини маҳаллий маҳсулот билан тўлдиришга эътибор қаратилмоқда. Бош вазир 2023 йилга мўлжалланган вазифаларни тилга олди. Алихан Смаилов  вазирликлар ва минтақа ҳокимликларига йил охиригача камида 24 ярим миллиард доллар инвестиция жалб этишни топширди. Шунингдек, ҳукумат инфляция 2 марта - 9,5 фоизгача камайишига эришиши лозим. Кичик ва ўрта бизнесда ишлаётганлар сони 3 миллион 800 минг кишига етиши зарур.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Тадбиркорликни ривожлантириш миллий иқтисодиётни барқарор тараққий эттиришда энг муҳим факторлардан бири. Бизнесга нисбатан олиб бориладиган тадбирлар адолатли ва тушунарли бўлиши шарт. Жорий йилда таваккалларни бошқариш тизимини автоматлаштириш орқали унинг самарадорлиги ортади. Янги Бюджет кодексини яратиш жуда муҳим. Жорий йилда биз молиявий интизомни мустаҳкамлашимиз, бюджет тизими шаффофлигини ва давлат харажатлари самарадорлигини оширишимиз керак.

Шунингдек, жорий йилда хусусийлаштириш жараёни давом этади. Давлатнинг иқтисодиётдаги улуши Ялпи ички маҳсулотнинг 14,4 фоизигача камайиши зарур. Бунинг учун келгуси 12 ой давомида Мажмуавий режанинг асосий қисми рўёбга чиқарилиши лозим. Ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларга эришилиши вазирлар ва ҳокимлар зиммасига юклатилди. Умумий бошқарув бош вазир ўринбосарларига топширилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси