Украинада биринчи қозоқлар қурултойи бўлиб ўтди. Киевда ўтказилган тадбирда мамлакатнинг турли қисмларидан бўлган қозоқ диаспораси вакиллари қатнашди. Ташкилотчилар маълум қилишича, қурултойнинг асосий мақсади – Украинада яшаётган барча қозоқларни бирлаштириш. Давлат статистика хизмати берган маълумотга кўра, бугунги кунда Украинада 60 минг нафар атрофида қозоқ яшайди. Макка Қаражанова – қозоқ диаспораси вакиласи. 2006 йилдан Харьковдаги «Бирлик» қозоқ жамоат бирлашмасига раҳбарлик қилмоқда.
Макка Қаражанова, Харьков шаҳар «Бирлик» қозоқ жамоат бирлашмаси раҳбари:
- Биз ниҳоят бизнес ёки яшаш жойига кўра мавжуд кичкина гуруҳчалар даражасидан юқорига чиқа олдик. Биз энди майда ишлардан воз кечиб, катта бирлашмага айланамиз ва Киев, бутун Украина бўйлаб фаолият юритамиз. Буни тилга олиш жуда муҳим. Бир жойга йиғила олганимиз Украина ҳаётида фаол эканлигимизнинг кўрсаткичларидан бири. Биз кабилар бу ерда кўп. Одесса, Харьков, Днепропетровскда ҳам иқтидорли қозоқлар анчагина. Улар ўз ватанида ҳам танилишни истайди. Бу жуда муҳим.
Батир Ниязбеков, «Дўстиқ» қозоқ маданият маркази директор ўринбосари:
- Қурултойдан асосий мақсад – Украинада яшаётган қозоқларни бирлаштириш, уларнинг келгуси ривожланиш йўналишини белгилаш. Нима билан шуғулланамиз? Украинада яшаётган қозоқларнинг келгуси режалари қандай? Улар қайси соҳаларда ишлаяпти? Қайси йўналишларда ўсиб ривожланяпти?
Қурултой доирасида китоб ва бадиий адабиёт кўргазмаси ташкил қилинди. Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси режасига кўра, бу каби анжуманлар мунтазам ўтказилади.
Гулназ Раш, Украинадаги қозоқ диаспораси вакиласи:
– Барчамизнинг кайфиятимиз кўтаринки. Чунки бугун Украинада биринчи қозоқлар қурултойи ўтказилди. Мамлакат шаҳарларидаги қозоқлар шу ерда йиғилди. Бу биз учун катта байрам.
Абдумалик Сарманов таржимаси