Қиймати 16
миллиард долларга тенг 40 та қўшма лойиҳа. Қозоғистон ва Россия саноат кооперацияси
ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиради. Бу ҳақда Астанада бўлиб ўтаётган Иннопром
кўргазмаси чоғида маълум қилинди. Жорий йилда тадбир ЕОИИ давлат ҳукумат
раҳбарлари иштирокида ўтказилмоқда. Дарвоқе, улар халқаро экспозиция павильонлари
билан биринчи бўлиб танишди, бу ерда тузилма давлатларидан келган уч юздан ошиқ
компания ўз маҳсулотини тақдим этяпти. Тиббий ускуналар, кимё саноати,
металлургия, IT саноат, қурилиш моллари, енгил саноат. Бунда асосий эътибор
қишлоқ хўжалигида қўлланадиган ускуна ва машиналар ишлаб чиқаришига қаратилган.
Алиби Султан, Қозоғистон
автобизнес ассоциацияси қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш директори:
- Ушбу заводлар қуввати йилига тахминан 35 минг
техника бирлигини ташкил этади. Ҳозирча ўз бозоримизни таъминлаймиз, келажакда
эса қўшни бозорларни эгаллаш кўзланяпти, бугунги кунда соҳа тараққиёти ҳақида
гапирадиган бўлсак, айтиш мумкинки, ишлаб чиқарилаётган трактор, комбайнлар
бўйича брендлар, моделлар сони етарли, ҳозирда осма тиркамали техника ишлаб
чиқаришни ривожлантириш бўйича иш олиб боряпмиз.
Кўргазмадан
ташқари, ЕОИИ давлатларидан келганлар учун мулоқот платформаси ҳам ташкил
этилган. Панель мунозаралар тарзида ўтадиган форумни Қозоғистон ҳукумати раиси
очиб берди. Алихан Смаилов таъкидлагани каби, тадбир миқёси иқтисодий
иттифоқдаги ҳамкор давлатларнинг ўзаро шериклик даражаси юқори эканлигидан
дарак беради. Масалан, биргина ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистоннинг
ташкилот аъзолари билан савдоси деярли 30 миллиард долларга етган, яъни 10 дан
кўпроққа ўсган.
Алихан Смаилов, Қозоғистон
Республикаси Бош Вазири:
- Ишончим комил,
ушбу тенденция жорий йилда ҳам давом этади. Ўтаётган йилнинг 6 ойи мобайнида товар
айланмаси деярли 14 миллиард долларни кўрсатди. Давлатимиз раҳбари Қосим-Жўмарт
Кемелевич Тўқаев бир неча марта айтиб ўтганидек, саноатлаштириш иқтисодиётни
диверсификация қилишда асосий драйвер бўлмоғи лозим. Кучли саноат базасини
шакллантириш ва ўзини-ўзи иқтисодий таъминлаш учун ишлаб чиқариш соҳасини жадал
ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиш лозим. Қозоғистон ҳукумати юқори
қийматга эга кластерлар барпо этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш
борасида зарур чораларни кўради.
Бугунги кунда
Қозоғистон ЕОИИдаги ҳамкорлари билан бирга саноат соҳасида 38 та қўшма лойиҳани
рўёбга чиқарди. Яна 80 таси эса ишланма босқичида турибди.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.