Баҳор байрами дунёнинг 15 давлатидан уч юздан зиёд санъаткорни бирлаштирди. Туркиянинг Ушак шаҳрида оммавий Наврўз тантаналари бошланди. Баҳорий янгиланиш ва тенгкунлик айёмига бағишланган тадбирларда туркий тилли давлатлар вакилларидан ташқари Болқон мамлакатларидан ҳам меҳмонлар қатнашади. Ташкилотчилар фикрича, жорий йилги байрам доирасида Туркиянинг саккизта шаҳрида ўзига хос 15 кунлик концерт дастури ўтказилиши режалаштирилган.
Арман Нурмахаматули, ТуркСЎЙ маданият ва санъат департаменти раҳбари:
- Туркий тилли давлатлар маданияти ва санъатини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш устида иш олиб борувчи ташкилот ўлароқ, ҳар йили Наврўзни нишонлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Бу сафар тантана кўлами улкан: тадбирларга кўпгина давлатлардан санъаткорлар жалб этилган. Хусусан, Марказий Осиёдан, шунингдек, Сербия ва Македониядан ижодкорлар келган.
Тадбирларда қатнашганлар фикрича, анъанавий байрам концертлари кўпсонли томошабинлар диққатини тортиши баробарида туркий тилли давлатлараро маданий алоқалар ривожланиши учун йўл очади.
Чинара Хейдарова, Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист:
- Турфа хил байрамларда қатнашганмиз, миллий байрамлар, йирик тадбирлар. Бу ТУРКСЎЙ ташкил этган концертлардан бири. Мен Озарбайжон ТУРКСЎЙ таркибига кирганидан фахрланаман.
Юлиана Кривошапкина, Саха Республикаси (Ёқутистон):
– Бизда ТУРКСЎЙ каби оила борлигидан мамнунман. Бир оила аъзоларидекмиз. Бир-биримизни соғинамиз. Ҳар гал шу байрамда учрашганимизда, бахтиёр бўламиз. ТУРКСЎЙ таркибида бўлиш биз учун бахт.
Икки ҳафталик байрам тадбирлари Бурса ўйингоҳларидан бирида ўтадиган йирик якуний концерт билан ниҳоясига етади, бу шаҳар Турк оламининг жорий йилги маданий пойтахти деб эълон қилинган.
Абдумалик Сарманов таржимаси