Туркистонда йирик пахта кластери яратилади

Туркистонда йирик пахта кластери яратилади

Қозоғистонда йирик пахта кластери яратилади. У Марказий Осиёдаги энг йиригига айланиши режалаштирилган. Хитой компанияси лойиҳага 200 миллиард тенгедан ортиқ сармоя киритмоқчи. Пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб, ундан тайёр кийим ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ циклдаги мажмуа Туркистон вилоятида жойлашади. Мамлакат бош вазири тегишли қарорни имзолади. Корхона майдони 60 минг гектар бўлиши кутилмоқда. Бу ерда илгари бундай миқёсда фойдаланилмаган технологик ечимлар қўлланади. Томчилатиб суғориш тизимига эга 200 та насос станцияси, шунингдек, 500 километрдан ортиқ суғориш ва тақсимлаш каналлари, интеграциялашган ўғит етказиб бериш тизимлари қурилади. Тўлиқ циклдаги пахта кластери ишга туширилиши маҳаллий тўқимачилик саноатининг ишлаб чиқариш базасини мустаҳкамлаш, Қозоғистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш имконини бериши кутилмоқда.


Айтиш жоиз, Туркистон вилояти мамлакат пахтачилик маркази бўлиб қолмоқда. Бу ерда экин майдонларининг қарийб 16 фоизи шунга ажратилган. Жорий мавсумда 144 минг гектар майдонга чигит экилди ва рекорд даражадаги ҳосил – 428 минг тонна хомашё йиғиб олинди. Терим мавсуми тўлиқ якунланди. Энди фермерлар маҳсулотни экспортга жўнатишни режа қилган.


Алибек Плалов, Туркистон вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбар ўринбосари:


Асосий вазифасиз қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот экспорти. Бу, биринчидан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилайди, иккинчидан, нарх-навони барқарорлаштиришга хизмат қилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси