Қозоғистонда «Култўбе шаҳристони» очиқ осмон остидаги археологик парк қурилишининг иккинчи босқичи давом этяпти. Ҳозир унда асосий локациялар – тарих ва меъморчилик ёдгорликлари устига гумбаз ўрнатиляпти. Таъкидлаш лозимки, биринчи босқич ишлари Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси атрофини ободонлаштиришдан иборат бўлганди. Марказий қисмда амфитеатр қурилди, ҳайкаллар ва фонтанлар ўрнатилган боғ барпо этилди. Бу ишларнинг ҳар бир босқичи ЮНЕСКО экспертлари билан бамаслаҳат амалга оширилади. Лойиҳа мазкур ташкилот васийлигида рўёбга чиқариляпти. Ундан асосий мақсад – мамлакат маданий меросини ўрганиш, сақлаб қолиш ва оммалаштиришдан иборат.
Зулпихар Жўлдасов, Туркистон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари:
– Ҳозир қурилиш ишлари амалга ошириляпти. Дунёнинг барча қисмларидан келган туристларни ўзига жалб этувчи музей барпо этилади. Унда ноёб экспонатлар намойиш этилади. Улар қаторида Қанғли даврига оид ёзувлар ҳам бор. Турли матнлар туширилган плиталарни археолог ва олимларимиз қачонлардир топган эди. Йил охиригача бу ишларни якунлаш, бор бойлигимизни меҳмонларимизга тақдим этиш ниятидамиз.
Паркда дунёнинг барча қисмларидан келган меҳмонлар турли даврларда Туркистон қандай бўлганини тасаввур қилиш имконини берувчи меъморий элементларни томоша қилиши мумкин. Вилоят ҳокимлигида маълум қилишларича, туристик объект катталарда ҳам, болаларда ҳам қизиқиш уйғотади. Келажакда Ай-Ти технологиялар ёрдамида ўтмишга саёҳат қилиш имконияти яратилади. Барча маълумотлар рақамлаштирилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.