Туристлар ва инвестиция жалб этишда Манғистау илғор

Туристлар ва инвестиция жалб этишда Манғистау илғор

Манғистау вилоятида туризм соҳасига жорий йилнинг 10 ойи давомида беш юз миллиард тенгега яқин инвестиция жалб қилинган. Шу тариқа, минтақа республикадаги энг истиқболли сайёҳлик йўналишлари ўнталигидан жой олди. Яқин беш йилда бу ерда умумий қиймати 300 миллиард тенгедан зиёд 13 та янги туристик лойиҳа амалга оширилиши кўзланган. Бунда фақат маҳаллий компаниялар иштирокида 2024 йилга қадар саккизта лойиҳа рўёбга чиқарилиши режа қилинган.

Венера Мустапаева, Манғистау вилояти инвестициялар ва туризм бошқармаси раҳбари:

- Туризм кейинги йилларда минтақа ривожининг истиқболли йўналишларидан бирига айланиб боряпти. Агар бундан 10 йилча бурун бу ерда асосий йўналиш нефть соҳаси бўлган бўлса, ҳозирги вақтда кўрсаткичлар, рақамлар, статистик ҳисоблар туризм ўзини кўпроқ намоён қилаётганидан дарак беради. Туризм ривожига хос бўлган асосий макрокўрсаткичлар - шу соҳага жалб этилган инвестициялар, кўрсатилаётган хизмат, вилоятга келувчи сайёҳлар сони. Ва шу кўрсаткичлар минтақадаги туризм тараққиётини белгилаб беради.

Сайёҳлар сонига тўхталадиган бўлсак, биринчи ярим йилликда Манғистауга 139 мингтача одам келган, бу 2020 йилнинг шу давридагига нисбатан уч марта кўп. Ва бу ҳайратланарли эмас, чунки вилоятда ҳар қандай дид ва имкониятга мос ҳолда туризмнинг барча йўналишлари ривожланмоқда, бу – пляж, экологик, маданий, амалий ва зиёрат турлари.

Венера Мустапаева, Манғистау вилояти инвестициялар ва туризм бошқармаси раҳбари:

- Туризм инфратузилмаси жадал равнақ топа бошлади, йўллар барпо этиляпти, одамлар оқими кўпайиб боряпти. Ва пляж йўналишида гольф-клублар, савдо шохобчалари қурилмоқда, жорий йилда нафақат Қозоғистонда биринчи бўлган, балки бутун МДҲда топилмайдиган кўнгилочар боғ бунёд қилинди. Ҳар жиҳатдан халқаро даражаларга жавоб бера олади. Одамлар бу ерга атайлаб пляж туризми учун келади, аммо шу билан бирга, айни пайтда зиёрат туризми оммалашган, муқаддас жойларни кўриш учун келишади.

Муқаддас масканларни қозоғистонликларгина эмас, хорижлик меҳмонлар ҳам зиёрат қилади. Бу жойлар орасида ер ости масжидлари – Бекет Ата, Шўпан Ата, Шақпақ Ата ва Султан епе масканлари машҳур. Шу билан бирга, саёҳатчилар Бўзжира, Шерқала тоғи ва золдирлар водийси Тўриш каби ноодатий жойларга боришни ҳам унутмайди. Ҳарқалай, ушбу ўлка меҳмонларини ҳамиша ҳайратга солади.

Хуршида Абдуллаева таржимаси