2021 йилга нисбатан 17 фоизлик ўсишга эришилди. Фуқаро авиацияси қўмитасида берилган маълумотларга кўра, республика аэропортлари ўтган йили жами 22 миллион йўловчига хизмат кўрсатган. Шундан 7 миллиони Алматига, 6 миллиони пойтахтга парвоз қилган. Қўмитада таъкидланишича, транзит йўловчилар оқими аввалгидан камайган. 2022 йилда улар сони пандемиягача бўлганидан анча оз бўлгани қайд этилди.
Талғат Ластаев, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги қўмита раиси:
- Транзит йўловчилар сони ҳам ўсяпти. Лекин ўтган йили пандемиягача бўлган кўрсаткичларга эриша олмадик. Пандемияга қадар, ёдингизда бўлса, бизда бир миллион кишилик кўрсаткичга эришилганди. Ўтган йил натижаларига кўра, 200 минг нафар йўловчига хизмат қилинган. Бу йўналишда анча ишлар амалга ошириляпти. Халқаро йўналишлар очилмоқда. Ўтган йили Анқарага бевосита парвоз қилиш имконияти яратилди, авваллари одатда Истамбулга училарди, энди географияни кенгайтирдик. Бодрум йўналиши очилди. Биз очиқ осмон тартибини яна 5 йилга узайтирдик.
Талғат Ластаев таъкидлашича, йўловчилар сони ўсиши ортидан асосий авиахаблар – Астана ва Алмати аэропортларига тушаётган юклама ортяпти. Чунки улар республиканинг бошқа ҳаво дарвозалари каби реконструкцияга муҳтож. Шу кунларда Алмати аэропортида халқаро рейсларга хизмат кўрсатиш имконияти ошган, янги терминал қурилмоқда. У 2024 йил июнида ишга тушади. Лойиҳа қиймати – 200 миллион доллар.
Талғат Ластаев, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги қўмита раиси:
- Бундан ташқари, Чимкент аэропорти терминали реконструкция қилиняпти, тез орада ишлар якунига етади. Қизил Ўрда аэропорти терминали ҳам таъмирдан чиқарилади. Бу ишлар хусусий ташкилотлар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Қўстанай аэропорти терминалида ҳам таъмир ишларини ўтказиш режа қилинган. Астана шаҳри аэропортининг учиш-қўниш чизиғи реконструкциядан ўтади. Такомиллаштириш ишлари оқибатида барча йўловчилар эҳтиёжини қондира оламиз, деб ўйлайман.
Абдумалик Сарманов таржимаси