Транспорт соҳаси фаол ривожланаяпти

Транспорт соҳаси фаол ривожланаяпти

Транспорт соҳаси Қозоғистон иқтисодиётининг янги ўсиш нуқтасига айлангани сир эмас. Мамлакатнинг Осиё ва Европани боғловчи йўлларнинг муҳим бир қисмига айланиши ҳам бунга ижобий таъсир кўрсатяпти. Республикада автомобиль, денгиз, темирйўл ва ҳаво йўлаклари фаол ривожланяпти. Транзит салоҳиятини оширувчи лойиҳалар ҳам соҳанинг ривожланишига ёрдам беряпти. Эслатамиз, Давлат раҳбари биринчи навбатда Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш, «Дўстиқ - Мўйинти», «Бақти - Аягўз», «Дарбаза - Мақтаарал», Алмати айланма йўли каби йирик темирйўл лойиҳаларини ишга туширишни топширган. Қўшни давлатлар билан ҳамкорликка катта эътибор бериляпти.

Нурлан Кенесов, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги департамент директори:

– Қозоғистоннинг транзит салоҳиятига, Ўрта йўлак фаолиятига Хитой, Корея, Япония, Таиланд, Жанубий-Шарқий Осиёдаги бошқа давлатлар қизиқиш билдиряпти.   Бу йўналишдан қўшниларимиз ҳам бемалол фойдаланиши мумкин.  Марказий Осиёдаги Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатлари Транскаспий Халқаро транспорт йўлаги орқали маҳсулот етказиб бера олади.

Берилган маълумотларга кўра, сўнгги 15 йил давомида Қозоғистонда логистика ва транспорт соҳасига 35 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритилди. 10 йил ичида юк ташиш ҳажми 30 фоизга ортди. Талаб кучайиши ортидан омборлар сони тобора ошиб бораяпти. Эндиликда мамлакат миқёсида транспортнинг иқтисоддаги улушини кенгайтириш кўзланган.

Нурлан Кенесов, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги департамент директори:

– Ялпи ички маҳсулотда транспортнинг улуши 6,1 фоизга тенг. Яқин келажакда транспорт ва омборчилик иши улушини 9 фоизга етказиш мақсадидамиз. Агарда темирйўл ва автотранспорт ёрдамида юк ташиш ҳажмига келсак, умумий кўрсаткич 600 миллион тоннани ташкил қилди. Транзит юк ташиш ҳажми 1,5 фоизга ортди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.