Термиз майдончасида транспорт йўлаклари имкониятлари муҳокама қилинди

Термиз майдончасида транспорт йўлаклари имкониятлари муҳокама қилинди

Ўзбекистонда Термиз диалогининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Унда сиёсатчилар, дипломатлар, экспертлар, тадбиркор доиралар, халқаро ва минтақа ташкилотлари вакиллари қатнашди. Транспорт ва логистикага алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар Марказий Осиё давлатлари бевосита денгизга чиқа олмагани сабабли янги йўналишларни ривожлантириш, транспорт харажатларини камайтириш ва минтақанинг экспорт имкониятларини кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар. Шунингдек, сиёсий-иқтисодий ҳамкорлик, иқлимга мослашиш, маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.


Каха Имназе, БМТ Бош котибининг марказий осиё бўйича махсус вакили ва марказий осиёда превентив дипломатия бўйича бмт минтақавий маркази раҳбари:


- Иккинчи Термиз диалоги ниҳоятда муҳим анжуман. Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган бошқа ташаббуслар қаторида у ҳам барқарорлик, тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликнинг энг муҳим шарти бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жамиятлар ва маданиятларни яқинлаштиришга қаратилган. Зеро, Марказий Осиё ва Жанубий Осиёнинг тарихи ва тамаддуни умумий илдизларга эга. Мамлакатлар ва халқларни бирлаштирувчи бу майдонча мавжудлиги ниҳоятда муҳим.


Термиз диалоги концепцияси бирга ривожланиш орқали барқарорликни таъминлашга асосланган. Бу ёндашув ОҲИЧК миссиясига мос келади.


Қайрат Сарибай, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) бош котиби:


- Термиз диалоги бугун Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашни ушбу ажойиб шаҳарга олиб келди, чунки бизнинг мақсадларимиз Термиз мулоқотининг вазифалари билан бир хил. Осиё халқлари ўзаро мулоқотга интилмоқда, шу тариқа, ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган соҳалар аниқланади. Ҳар қандай кооперация иқтисодий маҳсулотни, маданий алмашинувни кўпайтириш учун имкониятлар яратади, ривожланишга ёрдам беради.


Абдумалик Сарманов таржимаси