Ташқи ишлар вазирлиги йирик инвесторлар билан мулоқот қилмоқда

Ташқи ишлар вазирлиги йирик инвесторлар билан мулоқот қилмоқда

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 700 та йирик компаниялар вакиллари билан музокара ўтказди. Шу тариқа, дипломатлар мамлакатда инвестициявий иқлим яхшиланишига хизмат қилмоқда. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаровнинг маълум қилишича, ҳозир Қозоғистоннинг зиммасига олган инвестициявий мажбуриятлари барқарорлигича қолишини кўрсатиш лозим. Куни кеча вазирликда «Эксон-Мобил» компанияси минтақавий директори билан учрашув ташкил қилинди. Ушбу йирик нефть корпорацияси республикада 1993 йилдан буён ишлайди. Ўтган давр ичида жами 22 миллиард доллар инвестиция киритган.

Алмас Айдаров, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари:

- Мен ҳозир Инвесторлар кенгаши аъзолари, барча компаниялар билан учрашувлар ўтказяпман. Жами 30 тача компания бор, хорижда ҳам элчиларимиз компаниялар бош офисларига мурожаат этяпти, шу кунгача салкам 700 компанияни қамраб олдик. Кайфиятлар ҳар хил. Албатта, хавотирланаётганлар ҳам бор. Лекин Эксон Мобил каби йирик компаниялар қаричини кенг олиб, нафақат Қозоғистондаги, балки атрофимиздаги воқеаларни ҳам баҳолаяпти. Рақамларга келсак, бугунги кунда Қозоғистон иқтисодиётига келган инвестициялар ўсиши 50 фоизга яқинлашганини кўриб турибмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси