Суякни тикловчи биоматериал ишлаб чиқилди

Суякни тикловчи биоматериал ишлаб чиқилди

Қозоғистон олимлари суякни тикловчи биоматериал ишлаб чиқди. Мамлакатимизда тайёрланган ишланманинг ўзига хослиги шундаки, гидроксиапатит оддий тухум пўчоғидан олинади. Ишланма муаллифларининг таъкидлашича, суяк ўрнини босувчи бу минерал хоссаларига кўра суяк ва тиш эмали билан бир хил. Айни вақтда, хорижий аналогларидан уч марта арзон.

Зулхаир Мансуров, ёнғин муаммолари илмий-тадқиқот институти илмий раҳбари:

- Бир грамм гидроксиапатит 10 минг тенге туради. Стоматологлар уни Германиядан, Хитойдан 30 минг тенгедан келтирарди. Бизда анча арзонроқ.

Мақсут Темирбаев, стоматология маркази бош директори:

- Гидроксиапатит травматологияда, ортопедияда суяк тўқималарини тиклаш учун ишлатилади. Стоматологияда унинг майда зарралари тиш юзасини тиклаш учун қўлланади. Авваллари кариес билан келганларни қаттиқ тиш тўқималари жарроҳлиги усулида даволардик. Ҳозир фан хирургик усулдан воз кечиш мумкинлигини кўрсатди – эмаль ямалади ва тикланади. Бу ишни биз ҳам бажарамиз.

Қозоғистон Фан жамғармаси мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлади, технология ишланмаси учун салкам 160 миллион тенге ажратди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.