Мактаб ўқувчиси махсус билагузук ихтиро қилди

Мактаб ўқувчиси махсус билагузук ихтиро қилди

Қозоғистонлик мактаб ўқувчиси кўзи ожиз ва кўриш қобилиятидан маҳрум одамларга ёрдам берувчи қурилма ўйлаб топди. Билагузук оёққа тақилади, унга ўрнатилган датчиклар эса тўсиққача бўлган масофани ўлчайди, кейин эса хавф ҳақида огоҳлантириб, ишора беради. Ўқувчи электрон гажетни яратиш устида уч ой давомида иш олиб борди. Кашфиёт 3D-принтерда, лабораторияда амалга оширилди. Лойиҳа патент олган.

Рахат Ўмирбек, ўқувчи:

-  Мен янги билим эгаллашни, янги технологияларни ўрганишни яхши кўраман, ўзим бирор нарса яратишни истадим, у одамларга фойдали бўлиши керак эди. Буни уддаладим. Қурилма номи — «Vision Assistant» (Вижн Ассистент). Ҳозирда 4 та прототипи бор. Биз охиргиси, бешинчиси устида ишлаяпмиз. Ҳар бирини синовдан ўтказиб, такомиллаштирамиз.

Янги қурилма кўриш имконияти бўлмаганлар учун тенги йўқ кўмакчига айланади. У жуда енгил, қўллаш учун қулай. Шу сабабли, кўзи ожизлар ишланма муаллифига билагузукка товушли хабар тизимини ҳам илова қилиш борасида илтимос билдирган. Ҳозирда ушбу механизмни жорий этиш жараёни кетмоқда. Бу шуни англатадики, ускуна тўсиқ ҳақида хабар бериб, уни қайси томондан айланиб ўтишни ўргатиб туради.

Бибигул Кушекова, лойиҳа раҳбари:

 – Келгусида ҳам кўзи ожизлар, кўриш имконияти йўқлар билан ишлашда давом этамиз. Улар бизнинг қурилма борасида ўз фикрлари, таассуротларини айтади. Шунингдек, ишланма жамиятга имкон қадар наф келтира олиши учун инвестор излашни режа қилганмиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси