Қозоғистонда сув тошқинлари даври одатдагича давом
этмоқда ва ҳукумат назоратида. Бунинг учун кундалик мониторинг юритиляпти,
барча тадбирлар мувофиқлаштирилган. Бу ҳақда Ҳукуматда Фавқулодда вазиятлар
вазирлиги маълум қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, республиканинг жануби ва
ғарбида тошқинлар тўхтаган, Ақмўла вилоятида ҳам фаол фазаси ўтиб бўлди, бу
ердаги дарёларда сув сатҳи пасайиши кузатилмоқда. Шу билан бирга, айни пайтда
ёнғин хавфи юқори мавсумга тараддуд ишлари олиб бориляпти. Ўрмон ва чўлга ўт
кетишига қарши курашишда космониторинг маълумотлари ва рақамли технологиялардан
фойдаланилади. Ўрмон ёнғинларини эрта аниқлаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича ишлар
бошланган. Бунинг учун жойларда кузатув видеокамералари ўрнатилади, ўт кетган
тақдирда, тизим Тезкор бошқарув марказига, кейин эса ФВВ буйруқ марказига сигнал
юборади. Қолаверса, бутун Қозоғистондаги хавф тоифаси ва индекси акс этган интерактив
харита тузилган. Унга ерусти метеостанциялари ва йўлдошлар маълумот узатиб
туради.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон
Республикаси Бош вазири:
- Экология
вазирлиги ҳокимликлар, Рақамлаштириш вазирлиги ва «Казахтелеком» компанияси билан биргаликда ёнғинни
эрта аниқлаш тизимининг қамровини ошириши шарт, ёнғин кучайиши ҳолатларини, ўт
ўчириш алгоритмини моделлаштириши керак. Мувофиқлашган режа-жадвал ишлаб
чиқишни ва уни Ҳукуматда тасдиқлатишни топшираман, сўнг эса ижроси таъминлансин.
Ҳокимликлар ёнғин ўчириш постлари ва аҳоли манзилларида ёнғинга қарши кўнгилли
гуруҳлар ташкил этиш ишларини давом эттирсин.
Абдумалик Сарманов таржимаси

