Қозоғистонда сут бези ўсмаларини тадқиқ этишда томосинтез инновациявий усулидан фойдаланилмоқда. Унинг ёрдамида ҳажмли 3-D тасвир олинади. Бу усул мамлакатнинг етакчи клиникаларига етиб келди. Сўнгги авлодга мансуб ташхис қўювчи ускуналар билан ишлаш учун Президент иш бошқармаси клиникаси рентген бўлими ходимлари хорижда таълим олиб қайтди. Улар шу кунгача бир ярим минг беморга хизмат кўрсатди. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда аёлларда учрайдиган ўсмалардан кўкрак саратонига энг кўп дуч келинади. Бундай нохуш статистика фақат Қозоғистонда эмас, бутун дунёда шундай. БССТ берган маълумотга кўра, 2020 йилда икки миллион аёлга шу касаллик ташхиси қўйилган. Онколог таъкидлашича, эрта босқичда аниқланса, бу дардни даволаш мумкин. Шунинг учун рақамли ёрдамчилар хизмати жуда катталигини тан олиш зарур.
Қизилгул Смаилова, Президент клиникаси рентген ташхиси бўлим мудири:
- Мазкур ускунанинг одатдаги рақамли маммографдан фарқи шундаки, биринчидан, унда ёш аёллардаги барча ўзгаришларни ҳам кузата оламиз. Зеро, уларда одатий тўқималар жуда кўп бўлади ва маммография нотўғри ташхис бериши мумкин. Доктор билимсиз бўлгани учун эмас, ускуна мукаммал бўлмагани учун хатоликка йўл қўйилиши мумкин. Чунки маммографик фон тўйинган бўлади. Бу ерда биз кўкрак безининг барча қатламларини 0,5 миллиметрли қалинликда кўра оламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси