Мамлакатимиз Ташқи ишлар вазири ўринбосари Қанат Тумиш маълум қилишича, Қозоғистон ўз олдига қўйган мақсадларини бажарди. Эслатамиз, Астана олти йил давомида Суриядаги зиддиятни ҳал этиш учун ўтказилаётган музокаралар майдончаси вазифасини ўтади. Бу давр ичида Яқин Шарқдаги вазият кескин ўзгарди. Асосий натижа – деэскалация зоналари яратилди, қочқинлар ортга қайта бошлади, Сурия Араб давлатлари лигасига киритилди. Кафил давлатларнинг қўшма баёнотида яна битта учрашув ўтказиш тўғрисида маълум қилинган. У йилнинг иккинчи ярмида ташкил қилинади, аммо қаерда бўлиши ҳали номаълум. Астананинг тинч музокаралар ривожига қўшган ҳиссаси Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва жаҳон етакчилари томонидан юқори баҳоланди.
Қанат Тумиш, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари:
- Суриянинг аста-секин изоляциядан чиқиши Астана жараёни вазифасини бажарганини кўрсатади. Суриянинг араб оиласига қайтиб кирганини ҳисобга олган ҳолда, Астана жараёни доирасидаги Сурия бўйича 20-йиғилишни расман сўнгги босқич деб эълон қилишни таклиф этамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси