Қозоғистонда соғлом турмуш тарзи тобора оммалашиб бормоқда. Авваллари тонгда югураётганлар бармоқ билан санарли бўлса, ҳозир кўпчилик саҳарлаб туриш ва спорт билан шуғулланишни маъқул кўради. Пойтахтда яшовчи Юзан Таирбергенов анчадан бери шу кун тартибига риоя этади. 55 ёшли юртдошимиз йога билан шуғулланади, марафонларда югуради. Юзан Нур-Султонда ўнлаб ҳамфикрларига эга, ҳатто дўстлари билан бирга якшанбалик саломатлик клуби очган.
ЮЗАН ТАИРБЕРГЕНОВ, НУР-СУЛТОН ШАҲРИДАН:
- Дастуримизда жисмоний тарбия, чигилёзди, йога элементлари, нафас олиш машқлари бор. Қўшиқ куйлаймиз, чунки бу нафас олиш тизимини мустаҳкамлайди. Олимлар фикрича, куйлаш иммунитетни мустаҳкамлайди – биз совет давридан қолган болалар қўшиқларини ижро этамиз.
ЖАНАРА ДУЛАТОВА, МУХБИР:
- Айтиш жоизки, югуриш ва соғлом турмуш тарзи қозоғистонликлар ҳаётидан ўрин олди. Шуғулланаётганларнинг кўпчилиги ёшлар эканлиги кишини қувонтиради. Пойтахтнинг совуқ ҳавоси эрталабки югуришдан қайтара олмайди.
Лекин бугун ҳаво анча илиқ. Соат бешдан буён шуғулланаётган бу йигитлар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам югуришга чиқади. Бўрондан огоҳлантираётган 112 хабари уларни чўчита олмайди, ҳатто минус 40 даражада ҳам югуради. Асосийси - иштиёқ, дейди спортчилар.
АЙГЕРИМ ТЕМИРБАЙ, НУР-СУЛТОН ШАҲРИДАН:
- Тонгда югуриш, машқ бажариш туфайли ижобий энергия тўпланади, нимадир қилишни истайсиз, миянгиз бошқача ишлай бошлайди. Гуруҳдаги йигитлар билан гаплашамиз, бизнес билан шуғулланадиганлардан бири шундай дейди: “Менда янги ғоялар пайдо бўлади, эскилари рўёбга чиқяпти, югуриш шундай ижобий натижалар беради”.
Спорт шинавандалари Жанат Қўжахметовни яхши билади. У кўпчилик учун илҳом манбаи. Ҳар тонгда Жанатнинг машғулотларида камида 20 одам қатнашади. Бу ажабланарли эмас, ўттиз ёшдан энди ўтган йигит сўнгги 5 йилда 15 та марафонда қатнашди, қатор рекордларга эга. Югурган энг узоқ масофаси – 129 километр. Лекин ҳамма ҳам шундай масофаларни мақсад қилиши шарт эмас, дейди спортчи. Тонгги югуриш фақат ютуққина эмас, кўнгил хоҳиши ҳам бўлиши мумкин.
ЖАНАТ ҚЎЖАХМЕТОВ, НУР-СУЛТОН СПОРТ ҲАМЖАМИЯТИ ЮГУРИШ БЎЙИЧА ТРЕНЕРИ:
- Қишда совуқ, аёз, ҳали қоронғи бўлганида, тонгги бешда туриш қўрқинчли ва ёқимсиз. Ҳатто менга ҳам. Лекин фарқ ана шунда: кимнингдир бунга иродаси етади, кимникидир етмайди. Шунинг учун баҳорда қишдан ким қандай чиққанини кўринишидан аниқлай оламиз.
Таъкидлаш жоизки, ҳар йили тобора кўпроқ қозоғистонликлар иродасини синаб кўрмоқда, марафонларда юз минглаб одам қатнашади. Жорий йилда маълум сабабларга кўра оммавий югуришлар ташкил этилмаса ҳам, йигит-қизлар машғулотни давом эттиряпти ва аввалгидан ўзини яхшироқ ҳис этмоқда.