Сиверс олмаси фестивалига марҳамат!

Сиверс олмаси фестивалига марҳамат!

Қозоғистондаги бу реликт дарахтларнинг ярми мана шу қўриқхонада ўсади. Ер юзидаги барча олма навларининг бобокалони бўлган ўсимлик қийғос гуллашини томоша қилиш учун хориждан ҳам меҳмонлар келади. Жорий йилда мазкур тадбирга икки минг саёҳатчи ташриф буюрди. Меҳмонларга гулбаргларини очган дарахтларни томоша қилишдан ташқари, махсус туристик йўналишлар бўйича сайр қилиш имконияти тақдим этилди. Ташкилотчилар таъкидлашича, мазкур дарахт Қозоғистонда Япониядаги сакура каби миллий брендга айланган.

Марат Кабиев, «Жунғор-Алатау» давлат миллий табиат парки бош директори:

-  Бугунги кунда паркда 11 та туризм йўналиши, 2 та экологик сўқмоқ ишлаб турибди. Улар орасида ўз ҳолича ўсиб ётган Сиверс олмаси қоплаган ҳудудларга олиб борувчи йўналишлар алоҳида ўрин тутади. Илмий дунёқарашни кенгайтирувчи мазкур тур май ойидан октябрь ойигача ишлайди. Бу йўналишда май ойида олма гуллашини томоша қилса бўлади. Бундан ортиқ яна нимани кўришни истайсиз? Менимча, Сиверс олмаси гуллари кўркамликда дунёга машҳур япон олчасиникидан сираям қолишмайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси