Шимолий Қозоғистонда янги уйлар қурилади

Шимолий Қозоғистонда янги уйлар қурилади

Шимолий Қозоғистон вилоятида тошқиндан жабрланганлар учун 100 та янги уй қурилиши бошланди.  Бунинг учун 60 миллиард тенге ажратилди. Минтақага борган Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қанат Бўзумбаев тикланиш ишлари билан танишди, аҳоли билан учрашди. Вилоят ҳокимлиги икки ҳафта ичида зарарланган бинолар аҳволини баҳолаши ва уларни тиклашга киришиши зарур. Таъкидлаш лозимки, мамлакатнинг учта йирик компанияси аҳолига ёрдам қўлини узатди.

 

Қанат Бўзумбаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:

- Президент барча йўқотишларни ҳомийлар – мамлакатдаги йирик бизнес ёрдамида қоплаймиз, деб яна бир марта таъкидлади. Йирик бизнес Давлат раҳбарининг чақириғига кўра ҳаракат бошлади. Кўплаб компаниялар зарар кўрганларга ёрдам бериш ниятини билдирди. Жами  196 миллиард тенге таклиф қилинди. Биз ҳали йўқотишларни тўла ҳисоблаб улгурмадик. Ҳозирча уйлар қурилиши, уй-жойларни таъмирлаш, жабрланганларга янги уй олиб бериш тўғрисида гап кетяпти. Маблағ етмаган тақдирда бюджет ҳисобидан олинади. Уйлар тикланади.

 

Янги уйлар қурилишига 10 та пудратчи ташкилот жалб этилди. Танланган майдончада муҳандислик инфратузилмалари ва коммуникациялар бор. Бу эса ёзда уй-жойларни фойдаланишга топшириш имконини беради. Лойиҳа вилоят ҳокими ва «Қозоғистон халқига» жамғармаси ўртасида имзоланган меморандум асосида ишга тушди. Бош вазир ўринбосари Саноат ва қурилиш вазирлигига минтақани зарур қурилиш материаллари билан таъминлаш вазифасини юклади. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.