Саволларнинг аксарияти омикрон ҳақида

Саволларнинг аксарияти омикрон ҳақида

Пойтахт аҳли Ikomek марказига берган саволларнинг учдан бир қисми омикрон штаммига тегишли. Мутахассислар жорий йилнинг илк ойи натижаларига кўра шундай хулосага келган. Жами бўлиб январь ойида марказга 224 мингдан ошиқ киши мурожаат қилган, уларнинг 72 минги соғлиқни сақлаш масалалари бўйича консультацияга эҳтиёж сезган. Бу ҳақда Ikomek шаҳар маркази раҳбари Жаннат Дубирова маълум қилди. Унинг айтишича, пойтахтликларнинг тахминан 97,5 фоиз мурожаати ижобий ҳал этилган.

Жаннат Дубирова, Нур-Султон шаҳар iKomek МАРКАЗИ РАҲБАРИ:

- Юртдошларимизни январь ойида КВИ симптоматикаси, поликлиникага бириктирилиш, шифокорни ёки мобиль бригадани уйга чақириш масалалари кўпроқ безовта қилган. Шунингдек, поликлиникалар алоқа рақами, ўзлари қаерга бириктирилгани ва эмлаш, ревакцинацияга оид саволлар ой сўнгида кўпайган. Яъни аҳолини, бутун сайёра аҳли сингари, кўпроқ омикрон тарқалиши безовта қилади.

Таъкидлаймиз, ягона Ikomek контакт-маркази 2018 йилдан бери ишлаб турибди. Марказ АҚШ ва Канададаги шундай муассасалар тажрибаси асосида ташкил этилган. Одамлар соғлиқни сақлаш, таълим, жамоат транспорти ва шаҳар фаолиятига оид муаммолар билан мурожаат қилиши мумкин. Оператор билан 109 рақамига қўнғироқ қилиш ёки ижтимоий тармоқлар ва мобиль илова орқали боғланса бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси