Савдо ҳамкорлари ичида Европа Иттифоқи пешқадам

Савдо ҳамкорлари ичида Европа Иттифоқи пешқадам

Мамлакат ташқи савдо айланмасининг 30 фоизи ташкилотга аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йилнинг дастлабки уч чорагида Европа компаниялари Қозоғистон иқтисодиётига 800 миллион доллар сармоя киритган. Телеканалимизга берган эксклюзив интервьюсида Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас маълум қилишича, ўтган йили ўзаро савдо ҳажми рекорд даражага кўтарилди. 2022 йилнинг 10 ойи давомида товар айланмаси 76 фоизга ортди ва 32 миллиард еврони ташкил қилди. Европа Иттифоқи вакили таъкидлашича, ҳамкорлик кенгайиш суръати мисли кўрилмаган даражага етгани кузатилган, Қозоғистон экспорти ва импорти деярли бир хил ҳажмда ўсган: тегишлича 75 ва 77 фоиз. Мамлакатнинг Европа Иттифоқига экспорти ўтган йилнинг январь-октябрь ойларида 24 миллиард 300 миллион еврони ташкил қилди. Европа Иттифоқи эса 8 миллиард евро ҳажмида маҳсулот етказиб берган.

Кестутис Янкаускас, Европа иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси:

- Атиги 30 йил ичида Европа Иттифоқи Қозоғистон иқтисодиётига 76 миллиард доллар инвестиция киритди. Аввалига, асосан нефть ва газ соҳасида иш юритилган, лекин, менимча, яқин келажакда фақат хомашё эмас, машинасозлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик кенгайиб боради. Энергетика эса асосий маҳсулотлигича қолади. Балки электр қуввати ёки яшил водород, шунингдек, яшил энергетика ёрдамида ишлаб чиқарилган турли маҳсулотлар ҳам бўлиши мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, Европа кўп миқдорда Қозоғистон нефтини импорт қилмоқда. Ташкилотга аъзо давлатлар ишлатаётган «қора олтин»нинг 8 фоизи мамлакатимизда қазиб олинган. Эндиликда Европа бошқа энергия манбаси – «яшил водород» харид қила бошлаши мумкин. Экологик тоза ёнилғи Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида ишлаб чиқарилиши кутиляпти. Европа инвестициялари иштирокида рўёбга чиқариладиган йирик лойиҳа 2030 йилда ишга туширилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси