Қозоғистонда Шукрона куни
байрам қилинди. Эслатамиз, бу айём 1 мартга белгилангани бежиз эмас. Қозоғистон халқи ассамблеяси
айни шу кунда ташкил қилинган. Бу байрам 2016 йилдан буён расмий нишонланади. Республика
ҳозир 120 дан зиёд этнос учун қадрдон уй бўлиб қолган. Қозоғистонликларни Давлат
раҳбари муборакбод этди. Қосим-Жўмарт
Тўқаев таъкидлашича, бирлик ва тотувлик, она заминга самимий муҳаббат асрлар давомида халқимизнинг
оғир синовларни ва чорловларни енгиб ўтишига ёрдам берган. Ушбу қадриятлар
умуммиллий ўзликнинг узвий қисмига айланди. Қозоғистонликлар ушбу кунда яқинлари, қардошлари, мамлакатига илиқ
каломи билан миннатдорчилик билдиришди.
Закиржан Қўзиев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:
- Бугун биз бир-биримизга миннатдорчилик билдирамиз,
яхшиликлар тилаймиз. 30-40-90-йилларда кўп одамлар ўзи истамаган ҳолда юртимизга
келишга мажбур бўлди. Аммо қозоқ халқи уларни қучоқ очиб кутиб олди. Ушбу кунда
ана шундай бағри кенглиги учун биз қозоқ халқига миннатдорчилигимизни билдира
оламиз. Биз ҳам тақдир тақозоси билан ушбу заминда яшаб қолдик. Қозоқ халқи
қардошлари каби кутиб олди. Қозоғистон халқи ассамблеяси барчамизни
жипслаштирди. Ташкилотнинг 30 йиллиги арафасида Қозоғистондаги барча Дўстлик
уйларида минглаб тадбирлар ўтказилади. Бу туйғулар маданият, тил орқали ёшларга
сингдирилиши керак. ҚХА шундай имконият беради, биз турли маданиятларни кузатиш,
тилларни тинглаш имконига эгамиз. Ва барчамиз Қозоғистон фуқаросимиз.
– 70 йилдан буён шу юртдаман, Қозоғистон халқига
раҳмат. Барча юртдошларимга миннатдорчилик билдираман!
- Юртимиздан,
элимиздан миннатдорман. Илк кунлардан ёнимда туриб берган, фарзандлар берган,
оила тузган рафиқамга ҳам миннатдорчилик билдиришни истайман. Яхши
яшаётганимизга шукур!
– Аждодларимиз шундай воқеани айтиб беришган. Россияда
очарчилик юз берган. Улар Тошкентга йўл олишган, аммо Арисда қолиб кетишган. Уларга
эчки беришган. Шу тариқа омон қолишган. Отам тириклигида ёрдам берган одамларни
ахтарганмиз. Ҳаммаси учун миннатдормиз! Кимдир ҳозир муҳтож бўлса – энди биз
ёрдам берамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

