Ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга доир дастур ишлаб чиқилмоқда

Ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга доир дастур ишлаб чиқилмоқда

Ҳужжат тадбиркорлар ишончини тўла оқлаши шарт. Уни яратиш жараёнига тадбиркорлар, Парламент депутатлари, шунингдек, ҳокимликлар вакиллари жалб қилинади. Қозоғистонда 10 триллион тенгедан ортиқ маҳсулот, иш ва хизматларни маҳаллийлаштириш салоҳияти мавжудлиги қайд этилди. Улардан бир қисмини ўрта тадбиркорлик корхоналари ишлаб чиқариши ва кўрсатиши мумкин. Мазкур йўналишга туртки бериш учун маҳаллий маҳсулот буюртмачилари рўйхатини кенгайтириш режа қилинган.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

Бизнес-жамият томонидан билдирилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишимиз керак. Ўрта бизнес мустаҳкамланиши учун ушбу барча йўналишлар бўйича солиқ имтиёзлари, маъмурий ва бошқа кўмак чораларини кўриб чиқишимиз керак. Бу аҳоли бандлигини ошириш, шаффофликни кучайтириш,  ушбу корхоналарда банд бўлганлар учун солиқ ва ижтимоий таъминот даражасини ўстириш, умуман,  иқтисодиётимизни ривожлантириш ва диверсификация қилишга хизмат қилади.

Миллий иқтисодиёт вазирлиги маълум қилишича, бугунги кунда республикамизда 3 мингга яқин ўрта тадбиркорлик субъекти ишлаб турибди. Мамлакат ЯИМда улар улуши 6 фоиздан кўпроқ. Айни пайтда, бу корхоналарда тахминан 380 минг нафар шахс доимий иш ўрни билан банд қилинган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси