Ўрмон ёнғинлари олди олинади

Ўрмон ёнғинлари олди олинади

Қозоғистонда ўрмон ёнғинлари юз бериши эҳтимоли юқори. Республикада 42 ҳолат рўйхатга олинди. Улар майдони 668 гектарни ташкил қилди. 2021 йилнинг шу даврида ўрмон ёнғинлари 167 минг гектарни қоплаганди. Жами 6 миллиард тенге зарар кўрилган. Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильин маълум қилишича, профилактика чоралари кўриляпти. Май ойи охиригача ёнғин инспекцияси миллий парклар ва қўриқхоналарни кўздан кечиради. Ўрмонлар мунтазам самолётлар ёрдамида кузатиляпти.

Юрий Ильин, Қозоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири:

- Прогнозларга кўра, келгуси мавсумда ўртача ҳарорат +30 даражани ташкил қилади. Жанубий, шарқий ва ғарбий минтақаларда қурғоқчилик, ёғинлар кам бўлиши кутиляпти. Ҳарорат +40 даражагача кўтарилади. Натижада, ўрмон ва ўрмон-дашт ёнғинлари юз бериши эҳтимоли ортади. Барча минтақаларда фалокатнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриляпти. Ёнғинга қарши кураш хизмати ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари деҳқон хўжаликларини айланиб чиқяпти. Ходимлар ва раҳбарларга тегишли йўриқномалар тарқатиляпти, тавсиялар бериляпти.

Вазирнинг таъкидлашича, минтақалардаги ўрмон хўжаликларининг ёнғин хавфини тўла бартараф эта олиши ҳақида гапириш қийин. Энг ёмони, ҳамма ерда техника эскирган. Ёнғин юз берганида ишлатиш имкони йўқ бўлганлари улуши йигирма фоизга яқин. Даштларда ҳам тахминан шундай вазият кузатиляпти, дея баёнот берди Юрий Ильин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.