Референдум куни 54 давлатдаги Қозоғистон фуқаролари овоз бериши мумкин

Референдум куни 54 давлатдаги Қозоғистон фуқаролари овоз бериши мумкин

15 март - референдум куни Қозоғистоннинг 54 давлатдаги ваколатхоналари қошида 71 та участка ишлаб туради. Яъни юртдан олисда юрган 14 мингдан зиёд одам овоз бериши мумкин. Республика Ташқи ишлар вазирлиги шундай дея маълум қилган. Айни пайтда, мазкур давлатларда референдум комиссиялари тузилган. Улар таркибидаги аъзолар Республика референдуми тўғрисидаги конституциявий қонун ва инсон ҳуқуқ-мажбуриятларидан хабардорлик бўйича махсус тестдан ўтган. Овоз беришни ўтказиш тартиби бўйича онлайн ўқув семинари ташкил этилди.

Ерлан Жетибай, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:

- Яқин Шарқдаги ҳарбий-сиёсий вазият, шунингдек, Украина ва Эфиопияда хавфсизлик кўрсаткичи паст бўлгани сабабли 10 та давлатдаги 11 та участка фаолияти вақтинча тўхтатилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Булар - Қозоғистон Республикасининг Эрон, Исроил, Иордания, Қатар, БАА, Уммон, Ливан, Қувайт, Украина ва Эфиопиядаги элчихоналари, шу билан бирга, Дубай шаҳридаги Қозоғистон консуллигидаги участкалар.

Яқин Шарқ давлатларидан 8,5 мингдан зиёд одам Қозоғистонга эвакуация қилинди

Шунингдек, ташқи сиёсат муассасаси берган маълумотга кўра, Яқин Шарқдан 8,5 мингдан ортиқ қозоғистонлик ватанига қайтарилган. Юртдошларимизни уйларига қайтариш тадбирларига  ваколатли органлар  ва авиакомпаниялар жалб этилган. Авиарейслардан ташқари, фуқароларимизни эвакуация қилиш Озарбайжон, Арманистон ва Туркманистоннинг қуруқлик чегаралари орқали ҳам амалга ошириляпти. Бундан кейин ҳам эвакуация ишлари давом этади. Ҳозирга қадар Қозоғистон фуқаролари орасида жабрланган ёки ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Абдумалик Сарманов таржимаси