Қозоғистонда рақамли тенгени жорий этишга мўлжалланган пилот лойиҳанинг биринчи босқичи ниҳоясига етди. Мамлакат Миллий банки берган маълумотга кўра, у нақд пул ва нақд пулсиз ҳақ тўлашдан кейинги учинчи тўлов усули бўлади. Мутахассислар таъкидлашича, рақамли тенге тўловларни ианъанавий молиявий ташкилотлар аралашувисиз қисқа вақтда амалга ошириш имконини беради. Бундан ташқари, уларни ишлатиш учун интернетга кириш шарт эмас. Бу эса унинг ўзига хос жиҳатларидан бири.
Ғалимжан Айтказин, аналитик, Tengenomika телеграм-канали муаллифи /Нур-Султон/:
- Рақамли тенге бугун пайдо бўлган нарса эмас. Қозоғистон жорий этиш устида ишлаётган нарса бир неча йилдан буён ўрганиляпти. Кўплаб марказий банклар, айниқса, Хитой Марказий банки рақамли валюта устида фаол ишлаяпти. Жаҳон криптовалюта нималигини тўлақонли тушуниб етгач, бу йўналишда олиб борилаётган ишлар кенгайиб кетди.
Ғалимжан Айтказин, аналитик, Tengenomika телеграм-канали муаллифи /Нур-Султон/:
- Рақамли тенге ҳақида гап кетганида, у Миллий банк томондан тўлиқ кафолатланади. Яъни Миллий банк эмиссия ва унинг ишлатилишини таъминлайди. Бу борада турли хусусийлар, масалан, криптовалюталардан фарқ қилган ҳолда, ишончлилик даражаси жуда баланд бўлади.
Миллий банк берган маълумотларга кўра, рақамли тенге токен шаклида истеъмолчилар смартфонида ўрнатилган электрон ҳамёнда сақланади.
Константин Пак, Қозоғистон Молиячилар ҳамжамияти молиявий технологиялар ва инновациялар сектори директори /Алмати/:
- Барча рақамли ҳамёнлар охир-оқибат Қозоғистон Марказий Банкида, Миллий банкда сақланади. Барча транзакциялар Миллий банк орқали ўтказилади. Шунчаки банклар ўзаро маълумот алмашмайди, маълумот фақат Марказий банкда айланади. Асосий фарқлар шундан иборат. Соф назарий жиҳатдан олганда ҳам, қандайдир товламачилик транзакциялари юз берган тақдирда уларни турли тижорат ташкилотлари орасида эмас, марказий тизимда тафтиш қилиш анча осонроқ юз бериши сир эмас.
Евроосиё Тараққиёт банклари ҳам Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳудудида рақамли валюталарни ривожлантириш зарурлигини тилга олмоқда. Уларни жорий этиш чегаралараро тўловлар ўтказишни осонлаштиради. Евроосиё Иттифоқи миқёсида ўзаро савдони амалга оширишда енгиллик яратади.
Антон Малахов, Евроосиё тараққиёт банки интеграцион тадқиқотлар йўналиши раҳбари:
- Биз рақамли тенге рақамли валюталарнинг барчасига хос устунликларга эга бўла олишини айта оламиз. Бизнес ўз тўловларини ўтказишда катта тезликка эга бўлади. Харажатлар ҳам камаяди. Чунки тижорат банклари марказий банк ва мижозлар ўртасидаги муносабатлардан четлаштирилади. Давлат эса смарт контракт технологияси воситасида бюджет харажатлари мақсадли сарфланишини тўла назоратга олади.
Экспертлар таъкидлашича, бундай тўлов усулидаги таваккалларни ҳам унутмаслик керак. Миллий банк рақамли тенге пул-кредит сиёсатига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўрганмоқда. Уни жорий этиш бўйича асосий қарорлар 2022 йил охирида, барча жиҳатлар синчиклаб текширилганидан кейин қабул қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси