Президент пойтахтнинг етакчи корхоналари билан танишди

Президент пойтахтнинг етакчи корхоналари билан танишди

Астана ялпи минтақа маҳсулоти ҳажми биринчи ярим йилликда 4,7 трлн тенгени ташкил қилди. Ўсиш 4% тенг. Ривожланишда кичик ва ўрта бизнес асосий ўрин тутди. Бугун Қозоғистон Президентига пойтахтнинг инвестициявий салоҳиятини тақдим этишди. Қосим-Жўмарт Тўқаев пойтахтнинг саноат объектлари бўйлаб сафарини саноат паркидан бошлади. Унда инвестициялар умумий қиймати 322 млрд тенге бўлган 100 та лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Парк республикада пешқадам, йилига 6,5 трлн тенгега тенг маҳсулот ишлаб чиқаради.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Астана аҳолиси ўсишда давом этяпти. Яқин келажакда бир ярим – икки миллион нафарга етади. Биз шаҳар аҳлини, ёшларни иш билан таъминлашимиз, пойтахтни ривожлантириш учун ишлаб чиқариш қуввати ошиши керак.

Астананинг етакчи корхоналари ютуқлари Давлта раҳбарига тақдим этилди. Улар қаторида Аффинаж заводи, Швейцария холдинги билан бирга очилган темирйўл транспорти ишлаб чиқариш корхонаси, лак-бўёқ билан қоплаш бўйича экспорт компанияси, респираторлар ишлаб чиқарувчи Қозоғистон – Туркия корхонаси, резина ва пластмасса буюмлар чиқарувчи завод бор.  Президент томга ёпиладиган ва пардоз материаллари заводини ҳам кўрди. Завод маҳсулоти мамлакатга келаётган импортнинг ярмини қоплаши мумкин. Қосим-Жўмарт Тўқаев йирик лойиҳаларни рўёбга чиқаришда маҳаллий маҳсулот улушини оширувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жуда муҳим корхона. Булар мамлакатга керак. Импорт қилинаётган асосий материаллар ўрнини маҳаллий маҳсулот эгаллаши лозим. 

Сўнгра Давлат раҳбари интеграцияланган ишлаб чиқариш мажмуаси билан танишди. Унга мебель, тиббиёт ускуналари, модуль иншоотлари ва металлоконструкциялар ишлаб чиқариш киради.  Уларнинг ўзига хослиги – ягона лойиҳада эканлигида. Маҳсулот хорижникидан қолишмайди. Қосим-Жўмарт Тўқаев шунингдек, темир-бетон конструкциялари заводига ҳам борди. Унда инновациявий технология – саноат-модул қурилиши йўлга қўйилган. Бу эса объектларнинг қурилиш муддатини ва таннархини қисқартиради. Таъкидлаш лозимки, компания бу усулдан фойдаланган ҳолда 200 минг квадрат метр иншоот қуриб улгурди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.