Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев сайловда овоз берди

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев сайловда овоз берди

Президент бугун эрталаб пойтахтимиздаги Ал-Форобий номли Ўқувчилар саройида жойлашган 59-сайлов участкасига келиб, овоз беришда қатнашди. Айтиш керак, ушбу участкада 2 минг 861 нафар сайловчи қайд этилган. Дастлабки овоз берувчилар давлат раҳбари билан мулоқотда бўлишди, бирга суратга тушишди.

Парламент сайловлари - келгуси сиёсий ислоҳотларнинг қонуний асоси

Бугунги сиёсий тадбирдан ҳукумат ваакиллари ҳам четда қолмади. Давлат маслаҳатчиси ҳамда Сенат раиси ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдалангач, юртимизда ўтказиладиган сиёсий ислоҳот ва ўзгаришларга оид фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мавлон Ашимбаев айтишича, аралаш сайлов тизимининг жорий этилиши оддий фуқароларнинг ҳукумат ишларида фаол бўлишига йўл очди. Шу боис, бу сафарги сайловда номзодлар ўртасида рақобат кучли бўлди.

Мавлон Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати раиси:

- Ушбу сайловдаги улкан янгиликлардан бири бир мандатли округларнинг киритилиши бўлдиМажилисга ҳам, маслихатларга ҳам.  Умуман олганда, бундай янгилик ва ўзгаришлар жамият томонидан яхши қабул қилинмоқда, дейишга асос бор.  Мамлакатимизда ҳокимият манбаи - халқдир. Ҳеч ким халқдан юқори тура олмайди. Шунинг учун ҳам халқ ўз танловини амалга ошириши керак. Ушбу сайловлардан сўнг сенаторлар янги сайланган депутатлар билан қўлни-қўлга бериб ишлашга тайёр. Барчамиз бирга халқимиз олдида турган улкан мақсадларни амалга оширишга ўз улушимизни қўшамиз, деган умиддаман.

Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин Парламент сайловлари – Президент таклиф қилган сиёсий ислоҳотларнинг қонуний давоми эканлигини таъкидлади.

Ерлан Қарин, Қозоғистон Республикаси давлат маслаҳатчиси:

- Бу сайловлар дарҳақиқат жуда катта аҳамият касб этади. Ўтган йилнинг март ойида эълон қилинган Президент мактубида, унинг ислоҳотлар дастурида мазкур сайловга замин яратилганди. Ва, ўз навбатида, бу тадбир, ўйлайманки, келгусида кўзланган ислоҳотларнинг амалга оширилиши, муваффақиятли ва самарали тарзда рўёбга чиқарилиши учун шарт-шароит яратади, зеро, бу сайловлар натижасида ижтимоий-сиёсий майдон кенгайиши, Парламентда янги шахслар пайдо бўлиши кўзда тутилмоқда. Ва бу барчаси қабул қилинадиган қарорлар сифатини оширмоғи лозим.

Абдумалик Сарманов таржимаси