Президент хорижлик инвесторлар кенгашининг 37-пленар йиғилишини ўтказди

Президент хорижлик инвесторлар кенгашининг 37-пленар йиғилишини ўтказди

Жорий йилнинг 5 ойида Қозоғистон иқтисоди 6 фоизга ўсди. Транспорт ва логистика, қурилиш, савдо, тоғ-кон ва қайта ишлаш соҳасида яхши кўрсаткичлар қайд этилди. Президент хорижлик инвесторлар кенгашининг 37-пленар йиғилишида маълум қилиишича, Қозоғистоннинг географик қулай ҳудудда жойлашгани ва фаол ислоҳотлари инвесторларга ҳам, миллий иқтисодга ҳам катта имкониятлар бермоқда. Инвестиция штаби тадбиркорнинг барча муаммоларини «айни вақтда ва айни жойда» ҳал қиляпти. Жами 70 миллиард долларга 137 лойиҳага ёрдам берди.  

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

- Тоғ-кон саноати қайта ишлаш йўналишида энг фаоллардан. Қозоғистон бу соҳа ва металлургиянинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда инвесторларга шаффоф қонун шаклида ҳар жиҳатдан барқарор ҳуқуқий шароит яратиб берди. Юритилаётган ислоҳотлар туфайли мамлакатга геологик разведка билан шуғулланиш учун дунёнинг йирик ўйинчилари – Rio Tinto, Fortescue, Ivanhoe, First Quantum ҳамда Tech Resources компаниялари келди. Янги Солиқ кодексида хомашёни мамлакат ичида чуқур қайта ишлашни рағбатлантирувчи роялти тартиби кўзда тутилади. 

Қозоғистон экин далалари майдони бўйича дунёди 6-ўринни эгаллайди ва дон экспортчилари ўнлигидан ўрин олган. Хорижлик инвесторлар билан бирга мамлакат хомашёни чуқур қайта ишлаш ва илғор технологияларни жорий этишга интиляпти. Қозоғистоннинг стратегик транзит хаб сифатидаги мақомини ривожлантиришга эътибор бериляпти. 2029 йилгача яна 5 минг километр янги магистраль қурилади. Президент  БМТ версиясига кўра республика рақамлаштириш бўйича дунёнинг илғор ўттизлигига киришини билдирди ва халқаро ҳамкорларни рақамли ва сунъий идрок инфратузилмасига сармоя киритишга чақирди. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

- Астана халқаро молия маркази Шарқий Европа ва марказий Осиё бўйича Жаҳон молия марказлари индексида биринчи ўринга чиқди. Яшил ва рақамли молия бўйича минтақада пешқадам. Мамлакатдаги транзакцияларнинг 89 фоизи нақд пулсиз амалга ошириляпти. Сўнгги тўрт йилда мобил банкингдан фойдаланиш 460 фоизга ўсди. Биз CryptoCity янги пилот минтақаси барпо этиш ниятидамиз. Унда товар сотиб олиш, хизмат учун ҳақ тўлаш, бошқа мақсадларда криптовалютадан фойдаланиш мумкин. Мамлакат учун сунъий интеллектни ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Биз уни мамлакат ривожи, рақобатбардошлигида, рақамли мустақиллигида муҳим фактор деб ҳисоблаймиз. 

Жорий йилдан бошлаб давлат органлари Бош прокуратура розилигисиз инвесторларни текшира олмайди. Маъмурий иш қўзғамайди, даъво аризаси бера олмайди. Бу эса мамлакатдаги инвесторлар билан ҳамкорлик кенгайишига олиб келади. Президент давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик барқарор иқтисодий ривожланиш кафили бўлишига ишонч билдирди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси