Қозоғистон пойтахтига бугун Хитойнинг янги Sinopharm вакцинаси келтирилди. Бир кун давомида препарат поликлиникалар ҳамда савдо-кўнгилочар марказлардаги вакцинация пунктларига етказилади. Эслатамиз, препаратни 18 ёшдан катталар қабул қилиши мумкин, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, тутқаноқ, асаб тизими хасталиклари ва бирор хилдаги дорига аллергияси бўлганлар олиши тақиқланган. Бошқа ташхисдаги фуқаролар шифокор билан маслаҳатлашиши тавсия қилинади. Вакцина самарадорлиги 79 фоизга тенг. Қозоғистон жами бўлиб, тўрт миллион дозага тенг янги вакцина харид қилган. Эндиликда пойтахт аҳли учун учта препарат мавжуд. Синофарм вакцинасидан ташқари, Спутник-ВИ ҳамда маҳаллий ҚазВак препаратлари ҳам бор. Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолига вакцинанинг ҳар иккала компонентини бир жойда олишни тавсия қилмоқда.