Пойтахтда ноёб қўлёзмалар кўргазмаси очилди

Пойтахтда ноёб қўлёзмалар кўргазмаси очилди

Қорахонийлар, қадимий турклар ва Қозоқ хонлиги тарихи ва маданияти тўғрисидаги ноёб қўлёзмалар бир экспозицияда жамланди. Пойтахтда «Буюк Дашт тарихининг ёзма мероси» деб аталган ноёб кўргазма очилди. Унда Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий марказида сақланаётган тарих дурдоналари намойиш этилмоқда. Марказ раҳбари Жандўс Бўлдиқовнинг таъкидлашича, экспонатлар VII асрга оид. Уларнинг ичида энг қимматлиси – муқаддас Қуръони каримнинг қадимий нусхаси. Дунёда бундай нусхалардан атиги еттитаси сақланиб қолган.

Жандўс Бўлдиқов, қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази директори:

- Бугунги кунда марказимиз 5 ёшга тўляпти. Ўтган давр мобайнида бир ярим мингдан кўпроқ ноёб китоблар тўпладик. Жами, бизда 6000 китоб бор. Келгуси уч йил мобайнида коллекцимизни Қозоғистон ва хорижий мамлакатлардан олинган кам нусхали китоблар билан тўлдириб бориш ниятидамиз. Узоқ ҳудудларга махсус экспедициялар ташкил қиляпмиз, улар Ўзбекистон, Туркия, Россия, Европанинг Англия, Германия давлатларида бўлди. Мақсадимиз: меросимизни ягона марказда тўплашдан иборат.

Тақдим этилган ноёб материалларни қозоғистонлик ёш олимлар ўрганиши учун имконият яратилади. Шаҳар аҳли ва меҳмонлари ой охиригача ушбу экспозиция билан танишиши мумкин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.